Линклар

Тупроғимизни асраб қолишга пул беринг!


Шайбон 16 апрель куни қишлоқ хўжалик соҳаси мутахассислари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бир гуруҳи Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси биносини пикет қилди.

Пикетчилар ЕТТБ раҳбариятини Оролбўйи ҳудудларида тупроқнинг заҳарланиб бораётганига жиддий эътибор қаратиш ва бу муаммони ҳал этиш учун молиявий ёрдам ажратишга даъват этди.

Аксарияти тупроқшунос олим бўлган пикетчилардан бири, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Қурбон Розиқовнинг сўзларига қараганда, мазкур акция ЕТТБ ваколатхонаси олдида ўтказилишидан мақсад халқаро молиявий институтлар ва банклар эътиборини Ўзбекистондаги тупроқ муаммосига қаратиш ҳамда улардан мазкур муаммони ечишда амалий ёрдам кўрсатишни талаб қилишдир.

Қ.Розиқов мамлакат ҳукумати тупроқ унумдорлиги сақлаб қолишда ўз лаёқатсизлигини кўрсатиб бўлгани, шунинг учун ягона умид ЕТТБдан эканини маълум қилди.

“Бугунги куда тупроғимиз аҳволи шундай ёмон даражага келиб қолганки, агар ҳозирдан бу муаммони ечишга киришмасак, кеч бўлади”, деди олим.

Қ.Розиқовнинг айтишича, мазкур муаммо юзасидан фикрларни пикет ўтказмасдан ҳам ЕТТБ раҳбариятига етказиш мумкин эди. Бироқ ваколатхона раҳбари билан юзма-юз учрашиб, фикрларни баён қилиш, илмий асосдаги таклифларни етказишга ваколатхона ходимлари имкон бермай келган.

Акция бошланган сўнг анча вақт ўтгач, ваколатхона хавфсизлик хизмати раҳбари пикетчилардан бино олдидан кетишни талаб қилди. Унинг айтишича, пикет ўтказилиши ташкилот вакилларида ваҳима уйғотган.

Пикетчилар ваколатхона хавфсизлик хизмати раҳбарининг талабини рад этди. Воқеа жойида ҳозир бўлган ички ишлар ходимлари ҳам унга ваколатхона масъулларидан бирини чақириш мақсадга мувофиқ бўлишини уқтирди. Шундан сўнг пикетчилар олдида ЕТТБ ваколатхонаси ходими Ўлмас Мусомов чиқиб келди. У ваколатхона раҳбари айни пайтда Ўзбекистонда эмаслигини маълум қилди.

Шундан сўнг Қ.Розиқов Ў.Мусомовдан ўз таклифлари битилган аризани факс орқали ЕТТБнинг Лондондаги қароргоҳига етказишни сўради. Чунки, деди Қ.Розиқов, 18-19 апрель кунлари Лондонда банк раҳбариятининг катта йиғини бўлади. Бу йиғинда бизнинг таклифларимизга муносабат билдирилишини истаймиз, деди у.

Ў.Мусомов пикетчилар талабларини бажаришга ваъда берди.

16 апрель куни Бош прокуратура олдида ҳам бир гуруҳ фуқаронинг норозилик чиқиши бўлди. Акция қатнашчилари Бош прокурор Рашид Қодиров, ички ишлар вазири Зокир Алматов, Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Раззоқ Қодировнинг истеъфосини талаб қилди. Шу билан бирга, улар яқинда мамлакатда содир бўлган воқеалар юзасидан ўтказилаётган тергов жараёнларида халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиши, беайб ҳибсга олинган озод этилишини ҳам талаб қилди.

Айни шундай пикет Тошкент шаҳри прокуратураси олдида ҳам ўтказилди.

Пикетлар иштирокчиларига нисбатан куч ишлатилмади.
XS
SM
MD
LG