Линклар

Руслар Ўзбекистон корхоналарига қизиқиш билдирмоқда


Тўлқин 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов бошчилигидаги ҳукумат делегациясининг Россия Федерациясига икки кунлик амалий ташрифи якунланди.

ОАВда тарқатилган маълумотларга кўра, И.Каримовнинг Россия саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмаси раиси Аркадий Вольский билан ўтказган учрашувида Россия капиталини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилиш масаласи муҳокама қилинган. Томонлар Россиянинг “Альфа-групп” компанияси ҳамда Олмалиқ кон бойитиш комбинати ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани истиқболли баҳолаган. Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” ва “Газпром” ўртасидаги муносабатлар ҳам жиддийлиги қайд этилган. Ташрифдан бироз олдин “Газпром” компанияси Ўзбекистонга бу соҳани ривожлантириш учун 1 миллиард 400 миллион доллар сармоя киритиш тўғрисида битим имзоланган.

“Газпром” ва “Ўзбекнефтгаз” ўртасидаги бу битим тўғрисида фикр билдириб, “Озодлик” мухбири билан суҳбатда иқтисодчи Виктор Ивонин шундай фикр билдирди:

“Бу битим Россияга газ етказиб бериш билан боғлиқ. Аслида бу масала Бухоро-Урал газ қувурига бориб тақалади. Бу қувурлар аллақачон чириб, ишдан чиққан. Бу ерда гап мазкур қувурни тиклаш ҳақида бормоқда. Агар қувур тикланса, Россияга катта миқдорда газ етказиб бериш мумкин бўлади”.

ОАВдаги хабарларга кўра, Ўзбекистон ва Россия Президентлари ўртасидаги музокарада Ўзбекистон иқтисодиётига Россия инвестициясини киритиш масаласига урғу берилган.

Аммо Ўзбекистондаги сармоявий муҳим талабга жавоб берадими? В.Ивониннинг фикрича, жавоб беради. Бироқ Ўзбекистондаги маош, коррупция ва хавфсизлик масаласи яхшиланса, муҳит ҳам жозибадор бўлиб борарди.

В.Ивониннинг таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги муносабатда Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси муҳим ўрин тутади. Чунки Ўзбекистон самолётсозликда Россиянинг Ильюшин номидаги конструкторлик бюроси билан тўла ҳамкорликда ишлайди.

В.Ивонин Россия учун Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, аввало, пахта ва полиз-сабзавот муҳим эканини билдирди.

“Бу борада мен бир таклифни олға сурган бўлар эдим. Нега Ўзбекистон, айтайлик, Иваново шаҳридаги тўқимачилик корхоналари акцияларининг бир қисмини сотиб олмаслиги керак? Аслида ўтган асрнинг 30-йилларида шундай бўлган. Ўша пайтларда бу корхоналарнинг бир қисми Ўзбекистон тасарруфида эди. Шу боис, икки давлат иқтисодий муносабатида зиддиятлар бўлмаслиги учун мана шу эски тажрибага қайтган маъқул”, деди В.Ивонин.
XS
SM
MD
LG