Линклар

Қироллар жангги ë жанглар қироли

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон Президентининг тўнғич кизи Гулнора Каримова томонидан Ўзбекистонда яратилган бизнес салатанати икир-чикирлари ҳақида аввалги эшиттиришларимизда гапирган эдик. Лавхаларимиз Британиянинг "Finansial Times" ва "Independent" газеталари чоп қилган мақолалар асосида таëрланган эди. "Independent" газетаси январ ойида чоп қилган мақолада асосан Гулнора Каримова ва унинг собиқ турмуш ўртоғининг рақибга айлангани тасвирланган эди. Уч ойлик танаффусдан кейин бу оилавий можаро яна халқаро матбуот сарлавҳасига чиқди. Бу сафар АҚШ нинг "The Washington Post" газетаси бу ишга жазм қилди.

"The Washington Post" газетаси томонидан чоп этилган "Қироллар жанги" маколасида Ўзбекистон президентининг тўнгич кизи Гулнора Каримова ва унинг собиқ турмуш ўртоги Мансур Мақсудий ўртасидаги можаролар яна бир бор тилга олинади.

"Ўзбек президенти Ислом Каримов қизининг ажрашиши Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида халқаро жанжалга айланиб кетиши мумкин", - деб ёзилади мақолада.

Мақола муаллифи "The Washington Post" газетасининг Москвадаги мухбири Питер Бейкэр (Peter Baker) бунинг сабабларидан бири сифатида¸ мазкур можарога Давлат департаменти, Адлия вазирлиги, Солиқ бошқармаси, Интерпол, турли махкамалар ва элчихоналар хамда Конгресс қўмиталари аралашиб қолганини тилга олади.
Мақола давомида мазкур можародаги ҳар икки томоннинг бир-бирига нисбатан иддаолари келтирилади.

Ўзбекистон президентининг тўнғич кизи Гулнора Каримова ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Мансур Мақсудий ўртасидаги жангнома каби ëзилган мақола мана бу сўзлар билан бошланади:

"Ўша куни у нарсаларини йиғиштириб¸ Ню-Жерсидаги уйидан икки фарзандини олиб¸ икки нафар энага¸икки танқўриқчи ва ҳайдовчи билан қочиб кетди.Стол устида эри учун мактуб қолдирди. Мактубда 1989 йил суратга олинган "Атиргуллар уруши" комедиясини эслатиб ўтди."

Шу ўринда Гулнора Каримова ўз мактубида ишорат ëки мажоз сифатида келтирган "Атиргуллар уруши" филми ҳақида гапириб ўтсак.
Филмдан парча.(Эр- хотин жанжали¸синаëтган идишлар овози..) Майкл Дуглас ва Кетлин Тернер иштирокидаги бу филмда ажрашаëтган эр -хотиннинг бир-бирига қасоскор душманга айланиш жараëни заҳарханда тарзда акс эттирилади.Филм давомида эру хотин бир -биридан ўч олиш учун одам ақли етмайдиган усулларни қўллашади. Оқибатда хар иккаласи ўзлари яшайдиган саройнинг биллур қандили билан бирга ерга қулаб халок бўлишади.

Шарқда мажоз билан¸ишорат билан гапириш маданияти бор. Хўш Гулнора Каримова ўз мактубида нимага шаъма қилди?
Яна мақолани ўқишда давом этамиз.

"Каримова филмда тасвирланган беъманилик ўз ҳаëтида юз бермаслиги учун бу мактубни ëзганини айтади."Мен мактубни кўз ëшларим билан ëзган эдим - бу бир шахсий мактуб эди"
Яна мақоладан иқтибос келтирамиз.

"Бу мактуб башорат эдими ë тахдид. Нима бўлганда ҳам сал ўтмай жанжал бошланди."

Мақолада Гулнора Каримова собиқ эрини Саддам Ҳусайн нефтини ноқонуний сотганликда, исломий мутаассибликда ва қолоқликда айбласа, Мансур Мақсудий Гулнорани ўзбекистонлик қизларни Дубайдаги қўшмачиларга етказиб турганликда, кўпинча кечалари билан ҳар - хил зиёфатларда қолиб кетиб, тонгга яқин уйга маст бўлиб келганлигида айблайди. Гулнора Мақсудийнинг ўзига "бикини" (аёлларнинг юпқа чўмилиш кийими) кийишни тақиқлаб қўйганидан норозилигини билдирса, Мақсудий Каримованинг бой ҳаёт кечиришга ўрганиб колгани ва мол-дунёга ҳирс қўйганидан шикоят килади.
Жанжал илдизлари анча илгарига бориб тақалади деб ëзади мақола муаллифи:

Янги қариндошлар ўртасида муаммолар бошиданоқ мавжуд эди. АҚШда Гулнора хар ҳафтада икки-уч марта қайнонасини зиëрат қилиб турганлигини айтади. У ерда Каримова хоним оддий афғонистонлик оиланинг анъаналари билан тўқнашди.

"Мен доим йиғлаб ўтирардим,” - дейди Гулнора Каримова.

“Тасаввур қилинг, мен кун бўйи бир ўзим қолиб кетардим. Ваҳоланки, мен фаол хаёт кечиришга ўрганганман. Фақатгина университетдаги дарсларга эмас, тил ўрганишга, спортга кўникканман. Мен ўлаётган эдим".

Мақсудийнинг айтишича эса, холат тамомила бошқача бўлган.

"У уйга тунги 3 ларда баъзида маст бўлиб кириб келарди. Гоҳида эса қаерда бўлганини хам эслолмасди," - дейди у.

Каримованинг сўзларига қараганда, Мақсудийлар оиласи жуда қолок, сокин хаёт кечирган. Бу оиланинг янги йилни нишонламаслигини эслар экан, у:

"Улар ерда ўтириб овқат ейишарди, ярим тун бўлганида хеч ким янги йил кирганига хурсанд бўлмасди. Мен эса телевизорга тикилганча йиғлаб ўтирардим," - дейди.

Мақсудий Каримовлар оиласини бунинг том –тескариси ўлароқ таърифлайди. Унинг айтишича, ўзбек президентининг оиласида ким кўпроқ бақирса - ўша ғолиб.

"У билан бахслашганингизда, - дейди Мақсудий собиқ қайнотаси хақида, - Ким қаттиқроқ бақирса, ўша ғолиб бўлади. Келтираётган фактларингиз ё далилларингизнинг ахамияти йўқ".

Мақсудий Каримовлар оиласининг хокимият ва пулга муккасидан кетганлигини айтади:

"Президент ëтоқхонаси ëнидаги хонада бўйи бир ярим метрлик сейф бор.Бир куни Ўзбекистон президенти рафиқасининг ерда ўтириб пул санаëтганлигини кўриб қолдим."

Бир сафар Лондонга боришганида, Гулнора Каримова Сумкачасидан нақд пул чиқариб 230 минг долларлик зеб-зийнатлар олмоқчи бўлган. Мақсудий бунинг жуда қимматлигини айтиб, пулни қаердан олганини сўраганида, Гулнора уни онаси берганини айтган.

Мақолада Мансур Мақсудий рақибга айланган рафиқаси сўзларидан иқтибос келтиради:

"У менга агар у билан ажрашсам, оилам ва тижоратимни йўқ қилиши, болалар билан хеч қачон кўришолмайдиган қилиб қўйишини айтди. Кўриб турганингиздек, худди шундай бўлди хам", - дейди Мақсудий.

Ажрашиш оқибатлари Мақсудийларнинг Тошкентда яшаëтган қариндошлари хаëтида акс этди. Боз устига Мақсудий расмий Тошкент тарафидан¸ Саддам Хусайн билан ноқонуний олди берди қилганликда айбланди.

Мақола муаллифи Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоевнинг Каримовлар оиласидаги қўйди-чиқдига муносабатини ҳам ўрганган.

"Масала жуда чалкаш ва бу тахлит нозик масалага биз ўта эҳтиëткорлик билан ëндашишимиз лозим", - деб жавоб беради Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири "The Washington Post" газетаси мухбирига.

Мақсудийнинг фикрича, унинг собиқ турмуш ўртоғи Ўзбекистонда хокимиятни кўлга олмокчи.

"У хукмронликнинг мазасини билади¸ баъзан орамиздан гап ўтган пайтда мен унга сен отанг хукмдорлигидан маст бўлгансан¸ дер эдим".
Мақоланинг якуний қисмида мана бу сўзларни ўқиймиз.

"Тошкентдаги тахлилчилар 66 яшар Ўзбекистон Президентининг касаллиги ва Гулнора Каримова отасига ворис бўлишни истаëтганлиги¸баъзилар эса Гулнора хар эхтимолга қарши мамлакатдан бойликларни четга олиб чиқиб кетаëтганлигини айтишади".

Мақола "The Washington Post" газетасининг "Style" деб номланган илова варағида Ўзбекистон Президентининг рангли фотосуратлари билан бирга чоп қилинган.
XS
SM
MD
LG