Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:33

Эрон Ироқда қандай рол ўйнаши мумкин?


Азизулло Арол Ироқда шу ой бошларида шиалар пешвоси Муқтадо ас-Садр тарафдорлари АҚШ бошчилигидаги коалиция кучларига қаршилик билдириб¸ мамлакатни тарк этишларини талаб қилиб чиқдилар. Икки ҳафтадан буëн давом этаëтган тўқнашувларни тўхтатиш мақсадида ас-Садр билан музокаралар олиб бориш учун куни-кеча Эрон ҳукумати делегацияси шиаларнинг муқаддас шаҳри Нажафга борди. Таҳлилчиларга кўра¸ Эрон ҳукумати қўшни Ироқдаги шиа мазҳабдошларига таъсир кўрсатиши мумкин.

Афтидан¸ АҚШ кучлари билан радикал шиалар ўртасидаги келишмовчиликни бартараф этиш мақсадида Ироққа борган беш кишидан иборат Эрон Ташқи Ишлар вазирлиги делегацияси радикал руҳоний Муқтадо ас-Садр билан учрашишга муваффақ бўлмаган. Эрон Ташқи Ишлар вазири Камол Харрозийга кўра¸ мазкур делегация Ироқ халқи билан оккупациячилар ўртасида воситачилик қилмайди.

АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили Ричард Баучернинг айтишича¸ Эрон Ироқда вужудга келган бўҳронни ҳал этишда ижобий рол ўйнаши мумкин. Бироқ¸ Эрон коалиция кучлари билан ас-Садр ўртасида воситачилик қилишга ҳаракат қилмаслиги керак.

"Бизнинг фикримизча¸ бу нарса Эрон ҳукуматига ҳам тегишли¸ Эроннинг қандайдир йўллар билан васитачилик қилишга уриниши мақсадга мувофиқ эмас. Яхшиси¸ улар Бағдод расмийлари ва ироқликлар билан бирга иш олиб боришлари керак. Биз ва бошқалар ҳам шу йўл орқали вазиятни тинчлантиришга ҳаракат қилмоқдамиз" -дейди Баучер жумладан.

Теҳрон ҳукуматига кўра¸ Буюк Британия таклифи бўйича Ироққа борган Эрон делегацияси жорий вазиятни яқиндан ўрганишга ҳаракат қилади. Делегациянинг Ироққа сафар қилишига АҚШ ҳам розилик билдирган бўлиши мумкин.

Баучернинг қайд этишича¸ Бағдодда Эрон делегацияси билан коалиция ҳукуматининг америкалик аъзоси ҳам учрашган.

"Дарвоқе¸ Бағдодга Эрон делегацияси юбрилгани ва улар коалиция таркибидаги британияликлар билан учрашишни истаганларидан хабаримиз бор. Тарафлар ўртасида учрашув амалга ошди ва унда бир америкалик ҳам қатнашди" - дейди АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили.

Бироқ¸ АҚШ Эроннинг Ироқ ишлари¸ айниқса¸ мамлактнинг шиа жамоалари ишларига аралашувидан гумон сирамоқда. Куни-кеча АҚШ ҳарбий кучлари штаби бошлиғи генерал Речард Майрс Ироққа Сурия ва Эрондан чет эллик жанггарилар келаëтганидан огоҳлантирди.

Ўз навбатида Эрон Президенти Муҳаммад Хотамий¸ Эрон биринчи кундан бошлаб Ироқдаги бўҳронларни бартараф этиш чораларини излашга ҳаракат қилаëтганини таъкидлади.

Эронлик мутахассис профессор Довуд Ҳермидас Бованднинг фикрича¸ АҚШ розилиги билан Эрон делегацияси сафарининг амалга ошиши икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига йўл очиши мумкин.
XS
SM
MD
LG