Линклар

logo-print

Янги тартиб киритилишидан мақсад нима?


Феруза Маълумотларга кўра, апрель ойининг илк кунларидан бошлаб Ўзбекистондаги барча банклар фуқароларга хориж ёки МДҲ мамлакатлари банкларидан кўчирилган пул ва қимматли қоғозларни беришни тўхтатган.

Маълумотда айтилишича, пул олувчи пул жўнатувчи билан қай даражада қариндошлигини кўрсатувчи ҳужжатларни тақдим этгандагина банкдан пул олиши мумкин. Ўзбекистон банклари ходимлари Марказий банкнинг пинҳона кўрсатмаси асосида ҳар бир мижозга янги қоидалар ҳақида тушунтириш беришга мажбур бўлмоқда.

Марказий банк вакили бу ҳақдаги маълумотларни рад этди. Шу билан бирга, у банк ходимлари фуқароларга пул ким томонидан ва нима мақсадда юборилганини талаб қилишга ҳақли эканини таъкидлади.

“Озодлик” мухбири Марказий банк вакили инкор этган, бироқ турли манбалар томонидан тасдиқланаётган ҳолат юзасидан пойтахтдаги бир қанча банклар ходимларига мурожаат қилди.

Халқ банкининг Тошкент шаҳри туманларидан бири филиали ходимасининг сўзларига қараганда, яқинда Ўзбекистонда содир этилган террорчилик ҳаракатларидан сўнг фуқароларнинг хориждан жўнатилган маблағни олиши учун тегишли ҳужжатлар талаб қилинаётир.

Хориж давлатларидан жўнатилган пулни олишда Ўзбекистон фуқароларига алоҳида талаб қўйилаётганидан мақсад нима?

Иқтисодчи Жавлон Қосимовнинг фикрича, бу Ўзбекистон ҳукуматининг ўзига яраша хавфсизлик чораларидир.

“Мен чет элларда кўп бўлганман ва у ердаги банк тизими хизматларидан фойдаланганман. Хорижда банклар эркин ва улар ўз мижозларига имкон қадар қулайлик яратиш учун ҳаракат қилади. Ўзбекистонда эса бунинг тескариси кузатилмоқда”, деди иқтисодчи.

Ж.Қосимов фуқароларга жўнатилган пулни назорат қилиш банкларнинг ваколатига кирмаслигини таъкидлаб, шундай деди:

“Ўзбекистонга кириши лозим бўлган маблағ барибир қандайдир йўллар билан ўз эгаларига етиб боради. Бу ҳаёт қонуни. Мижозларга бундай
ортиқча талабларнинг қўйилиши ноқонуний пул айланиши ҳажмининг кўпайишига хизмат қилади. Қолаверса, Ўзбекистонда ҳар бир тадбиркорнинг банклардан оладиган маблағи бир неча тегишли орган томонидан назорат қилинади. Шундай экан, банкларга ҳам қўшимача назорат функцияси юклатилгани мижозлар ҳуқуқларининг бузилишидир”.

Мустақил кузатувчиларнинг фикрича, фуқароларнинг хориждан оладиган пул юзасидан банкларга ҳисобот бериши билан Вазирлар Маҳкамасининг 4 февралдаги қарори ўртасида боғлиқлик бор. Бу қарорда хориждан Ўзбекистонга кириб келаётган ноқонуний маблағларнинг олдини олиш ва назорат қилиш мақсадида халқаро ташкилотларнинг молиявий кўмаги асосида ишлаётган маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳисоб рақамлари фақат “Асакабанк” ва Миллий банкда қайта очилиши лозимлиги кўрсатилган.
XS
SM
MD
LG