Линклар

logo-print

Масжид корхонага айлантирилмоқда


Зикрилло Ишонч Тошкентнинг Собир Раҳимов тумани “Чуқурсой” маҳалласидаги “Иброҳим ота” гузари масжиди маҳалла ва туман раҳбарлари рухсати билан айни пайтда ишлаб чиқариш корхонасига айлантирилмоқда. Бироқ маҳалла аҳли бундан норозилик билдиряпти.

Маълумотларга кўра, мазкур масжид ўтган асрнинг 90-йилларида маҳалла аҳли ва араб мусулмонлари ёрдамида бунёд этилган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 300 дан ортиқ мусулмон намоз ўқиши мумкин.

Фуқароларнинг айтишича, 1999 йил 16 февраль воқеаларидан сўнг айнан шу масжидда баъзи диний гуруҳлар раҳбарлари имомлик қилгани ва улар ўртасида бир қанча зиддиятлар пайдо бўлгани учун ибодатхона ёпиб қўйилган. Айни пайтда масжид хароба аҳволга келиб қолган. Қурилиш материаллари талон-тарож қилинган. Бугунги кунга келиб бу ерда тикувчилик цехи очиш ҳаракатлари бошлаб юборилган.

Мазкур масжидда корхона жойлаштиришга ташаббускор бўлган тадбиркор Раҳимжон Алимовнинг сўзларига қараганда, тикувчилик цехи очилса, одамлар иш билан таъминланади. Кейинчалик бу ерда қандолат цехи очиш ҳам режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ходими Муҳаммадназар Қаюмовнинг таъкидлашича, масжид бир вақтлар қайсидир ташкилот ҳисобидаги бино бўлган. Маҳалла аҳли уни намозхонага айлантирган. Бу ташкилот масжидни рўйхатдан ўтказилишига қарши бўлгани учун ибодатхона анчадан буён фаолият кўрсатмай келган.

Масжидни ишлаб чиқариш корхонасига айлантиришга рухсат берган Собир Раҳимов тумани маҳалла оқсоқоллари кенгаши раиси Саидаҳмад Обидовнинг айтишича, маҳаллада бошқа масжид бор. Гузардаги масжидни корхонага айлантиришни эса маҳалла аҳлининг ўзи илтимос қилган.
XS
SM
MD
LG