Линклар

logo-print

"ХАМАС" ЎЗ РАҲНАМОСИ ЎЛИМИ УЧУН ИСРОИЛДАН ҚАСОС ОЛМОҚЧИ

  • Ҳурмат Бобожон

Фаластиннинг "Хамас" ташкилоти ўз етакчиси Абдул Азиз Рантисий ўлдирилганига жавобан Исроилдан қасос олишини маълум қилди. Шанба куни Ғазо минтақасида Исроил ҳарбий вертолёти "Хамас" етакчиси минган автомашинани ракетадан аниқ нишонга олди. Оқибатда автомашина ичида бўлган Рантиси оғир яраланди ва сўнгра касалхонада жон берди. 22 март куни "Хамас"нинг аввалги раҳбари Шайҳ Аҳмад Яссин тақдири ҳам шундай якун топган эди.

“Хамас” раҳбарияти вакили аз Зоҳар: "ҳар қандай қотиллик ва “Хамас” ҳамда Фаластин халқига қарши қилинаётган жиноятлар, бизни қаршиликларимизни тўхтатиб қололмайди”,- деди.
Исроил раҳбарияти вакили Жонатан Пелед эса:

“Исроил Фаластин террорчилиги ва унинг Рантисий каби раҳбарлари билан курашни давом эттиради. Бу одамнинг қўли қон, чунки у юзлаб исроилликларнинг ўлими учун жавобгардир. Фаластин раҳбарияти террорчилик ва зўравонликни бартараф этолмас экан, Исроил террорчилар билан ёлғиз ўзи курашаверади”,-деб билдирди.

Европа Иттифоқи ва араб давлатлари Рантисийнинг ўлдирилишини қоралаб чиқдилар. БМТ Бош Котиби Кофи Аннан бу юзадан хавотир билдирар экан, Рантисийнинг ўлдирилиши Яқин Шарқдаги шундоғам қалтис вазиятни янада чигаллаштирди, деди. Европа Иттифоқининг Ташқи алоқалар бўйича масъули Ховьер Солана эса "Хамас" етакчисининг Исроил тарафидан ўлдирилишини ғайриқонуний деб таърифлади. Британия Ташқи ишлар вазири ҳам Ранисининг ўлдирилишини, "оқлаб бўлмайдиган, самарасиз ва қонунга зид ҳаракат" деди. Вашингтон ҳукумати эса Исроилни танқид қилишдан ўзини тийиб, Яқин Шарқда юзага келган вазиятдан ташвишланиш билдирди ва Исроил ҳукуматини бир нарса қилишдан олдин унинг оқибатлари ҳақида ўйлаб кўришга чақирди. Олдинроқ Оқ Уй маъмурияти Хамас ташкилотини террорчи ташкилот деб атаган ва Исроил ундан ҳимояланишга ҳақли дея Шарон ҳукумати ёнини олган эди.

Асли касби врач бўлган 54 яшар Абдул Азиз Рантисий етти йил умрини Исроил қамоқхоналарида ўтказди. Кейинчалик, 1992 йилда у бошқа юзлаб "Хамас" фаоллари қатори Ливанга бадарға қилинди. Ўтган йил июн ойида эса Рантиси Ғазо минтақасида Исроил ракета ҳужумлари оқибатида оғир тан жароҳати олди.

Абдул Азиз Рантисий ҳар доим ўз чиқишларида Исроил билан ҳеч қандай муроса бўлмаслигини ва "Хамас" гуруҳи Фаластин озодлиги учун курашни давом эттириши кераклигини таъкидлаб келган. "Фаластин халқи, араб дунёси, қолаверса бутун мусулмон дунёси ғолиб бўлиши кераклиги доим ёдимизда бўлиши керак. Қадр-қимматимиз ҳаққи-ҳурмати уйимизга бостириб, бизга шикаст етказувчиларга қарши курашмоғимиз лозим. Барча рахбарларимиз ўлдирилган тақдирда ҳам биз хамасчилар қуролларни ташламаймиз. Фаластин халқи учун шундан бошқа танлов йўқ. ", - деди Абдул Азиз Рантисий.

"Хамас" ташкилотининг бошқа фаоллари ҳам Исроил билан муроса бўлмаслиги ва кураш давом этиши керак, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG