Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:21

Сорос Ўзбекистонда фаолиятини тўхтатди


Ўзбекистон Очиқ жамият институти кўмак жамғармаси ўтган хафта Республика Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтишга рад жавоби олгач ўз фаолиятини тўхтатди. Таниқли америкалик молиячи ва филантроп Жорж Сорос тарафидан молияланадиган Очиқ жамият институтлари дунёнинг 30дан ортиқ мамлакатида фаолият олиб боради. Якшанба куни Жорж Сорос Лондонда Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки йиғилишида Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатганини эълон қилар экан, Тошкент ҳукуматини фуқаро эркинликларини топтаётганликда айблади.

Ўзбекистон Адлия вазири ўринбосари Пўлат Саматов номидан ёзилган 15-550 рақамли мактубда Институт мамлакат миллий манфаатларига зид равишда фаолият олиб боргани ва ўзининг 1996 йилдан буёнги фаолиятида мамлакат қонунларини бузгани боис ташкилотга қайта рўйхатдан ўтишга рухсат берилмагани айтилади.

2004 йил бошида Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда фаолият олиб борувчи кўплаб халқаро ташкилотлар қатори Очиқ Жамият Институти Кўмак Жамғармасига ҳам Республика Адлия Вазирлигидан қайта рўйхатдан ўтиш, ва бунинг учун зарур бўлган барча ҳужжатларни шу йил 1 март кунига қадар вазирликка тақдим этиш талабини қўйди. Авваллари, бунинг учун Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлигининг рухсати кифоя бўлган.

Ўзбекистон Очиқ жамият институти ходимлари ва унга ҳамкор грант олувчи ташкилотлар Институт қайта рўйхатга олинади деган умидда, талаб этилган барча ҳужжатларни 27 феврал куни Республика Адлия вазирлигига топширишди. Ҳужжатлар белгиланган муддатдан олдин тақдим этилганига қарамай, Очиқ Жамият Институти Адлия Вазирлигидан қайта рўйхатдан ўтишга рад жавоби олди.
Ташкилотнинг Ню Йоркдаги вакили Кассандра Кавано Ўзбекистон Очиқ Жамиятининг қайта рўйхатга олинмагани ортида сиёсий сабаблар борлигини айтади. "Улар ваколатхона офиси хусусий хонадонда жойлашганини рўкач қилишмоқда. Аслида Тошкентда кўплаб халқаро ташкилотлар офислари шундай хусусий уйларда жойлашганини ҳамма билади. Бу жуда кулгили. Булар ортида Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатда Сорос фондини ёпиш истаги ётганини ва бу сиёсий қарор эканини биз тушунамиз", - дейди Кассандра Кавано.

Якшанба куни Лондонда Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки йиғилишида қатнашган Очиқ жамият институти асосчиси, таниқли миллиардер Жорж Сорос бундай вазиятда Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатишдан бошқа чораси йўқлигини маълум қилар экан, Тошкент ҳукуматини фуқаро эркинликларини топтаётганликда айблади ва АҚШ ҳукуматини бу давлат билан муносабатини қайта кўриб чиқишга чақирди. Жаноб Сорос бу борада айнан Лондондаги Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки йиғилишида баён қилгани бежиз эмас. Икки хафта олдин ушбу банк Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар кузатилмагани боис Ўзбекистон жамоат секторига ажратиладиган кредитларни кесган эди. Банк вакили Жефф Хайди Ўзбекстонда Сорос жамғармасининг ёпилиши у ерда ҳукумат ҳали ҳам демократияга тоқатсиз эканидан дарак берганини айтади. "Сорос у ердан ўзи кетаётгани йўқ. Уни хайдаб чиқаришмоқда ва бу ойдек равшан. Бу эса биз Ўзбекистонни бежиз танқид қилмаганимизнинг яна бир исботи. Биз Ўзбекистонга қўйган талаблардан бири айнан демократия ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватловчи нодавлат ташкилотларининг рўйхатга олиниши бўлган. Очиқ жамият институтининг рўйхатга олинмагани у ерда жамият ҳамон ёпиқ қолаётганининг яна бир тасдиғидир", - деди Жефф Хайди.

Ўзбекистонда Очиқ Жамият Институтининг ёпилиши мамлакат учун катта йўқотиш, дейишади инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари. 1996 йилдан бери ушбу жамғарма мамлакатда инсон ҳуқуқлари, демократия ва очиқ жамият тамоилларини ривожлантиришга қаратилган кўплаб дастурларни амалга ошириш учун қарийб 22 миллион доллар миқдорида маблағ ажратди. Хьюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Рейчал Дэнбер Ўзбекистонда Сорос жамғармасининг рўйхатга олинмаганини бу мамлакатда демократия ривожига қарши қўйилган яна бир тўсиқ деб билади. "Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда очиқ жамият, фуқаролик жамияти учун шароит яратиш борасида мажбурият олган. Очиқ Жамият Институти каби ташкилотнинг рўйхатга олинишининг чиппакка чиқариилиши эса Тошкент ҳукуматининг бу мажбуриятларда ортга қараб бораётганини кўрсатди", - деди Денбер.

Шундай қилиб Ўзбекистон Сорос фондлари фаолият олиб бормайдиган учинчи собиқ совет давлати бўлди. Туркманистонда Очиқ жамият институти азалдан йўқ. Беларус раҳбари Лукашенко Сорос жамғармасини мамлакатдан хайдаб чиқарди. Энди бу икки давлат сафига Ўзбекистон ҳам қўшилди.
XS
SM
MD
LG