Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:21

ХАВФСИЗЛИК КЕНГАШИ КУН ТАРТИБИДА ЯНА ЯҚИН ШАРҚ


Ўтган ҳафта АҚШ раҳбари Жорж Буш Ғазо секторида ерлаштирилган етти мингга яқин яҳудийни кўчириш, Ғарбий соҳилдаги юз мингга яқин яҳудий аҳолисини эса сақлаб қолиш бўйича Исроил Бош вазири Ариэл Шарон олға сурган режани қўллаб-қувватлаган эди. Бу эса кўплаб араб мамлакатлари қатори Вашингтоннинг Европадаги иттифоқчилари эътирозларига сабаб бўлмоқда. БМТ Бош Котиби Кофи Аннан Оқ уй раҳбарининг Исроил режасини қўллаб-қувватловчи позициясини танқид остига олиб, Яқин Шарқ можаросини ҳал этишга қаратилган ҳар қандай режа БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига асосланиши кераклигини урғулади. Миср, Германия ва Франция раҳбарлари эса аввалги "Йўл харитаси" деб аталган тинчлик режаси ўз кучида қолиши лозимлигини таъкидламоқдалар. Шарон-Буш учрашувидан сал ўтиб Ғазо минтақасида Ҳамас сиёсий лидери Абдул Азиз Рантисининг ўлдирилиши эса, бу эътирозларни янада кучайтирди.

Иордания қироли Абдулланинг АҚШ Президенти Жорж Буш билан чоршанба кунига белгиланган учрашувга боришдан бош тортиши мана шу норозиликнинг бир белгиси, деб қаралмоқда. Буш маъмурияти сўнгги пайтларда кўпроқ Исроилга ён босаётганига жавобан Иордания қироли Абдулла Оқ уйда бўладиган учрашувни бойкот қилган.

Ҳамас етакчиси Рантисининг Исроил тарафидан ўлдирилиши эса, араб давлатларини яна бир бор БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат этишга ундади. Улар Кенгашни ушбу қотилликни қораловчи сиёсат олиб боришга чақириб, Исроилнинг ҳеч қандай суд қарорисиз одам ўлдириш ҳаракатларини қораловчи резолюцияни олға сурдилар. Сешанба куни мана шу резолюция овозга қўйилади.

Резолюцияда Исроил Ғазо минтақасида ҳеч қандай ҳуқуқий асоссиз фаластинликларни ўлдиришни тўхтатиши талаб қилинган. Аммо, ҳужжатда Рантиси номи келтирилмаган. Фаластин ҳукумати вакили Носир Кидва, Ҳамас сиёсий лидерининг ўлдирилиши Исроил содир этиб келган ҳарбий жиноятлар занжирининг бири эканини, бу борада Хавфсизлик Кенгашининг сукут сақлаб туриши эса Исроилнинг бундай жиноий хатти ҳаракатларини фақат рағбатлантиришини айтди. Яъни асосий талаб Исроилни фалстинликларни ўлдииш сиёсати тўхтатиши.

Хавфсизлик Кенгашида резолюциянинг қабул қилиниш эхтимоли нечоғлик? Ҳозирча, бу борада бир нарса дейиш қийин. Лекин, кўпчилик таҳлилчилар ушбу резолюциянинг қабул қилинишига иккиланиш билан қарамоқдалар. Чунки уч ҳафта олдин Ҳамас маънавий лидери Шайх Аҳмад Яссиннинг Исроил тарафидан ўлдирилишини қораловчи шунга ўхшаш резолюцияни араб давлатлари Хавфсизлик Кенгашига тақдим этишган, аммо у ўшанда АҚШ бу резолюцияни вето қилган эди. Кузатувчилар бу сафар ҳам Вашингтоннинг жавоби шундай бўлишини таъкидлашмоқда.

Шундоқ ҳам Американинг Яқин Шарқдаги мавқеи сўнгги пайтларда сезиларли ёмонлашган эди. Минтақа давлатларида ўтказилган сўровлар шуни кўрсатмоқда. Исроил ва Қўшма Штатларнинг Яқин Шарқ борасида қабул қилган бир томонлама қарори ва Буш-Шарон ўртасидаги учрашувдан сал ўтиб, Ҳамас етакчиси Рантисининг Ғазо минтақасида ўлдирилиши Фаластинда нафақат Исроилга балки АҚШга ҳам душман кўзи билан қаровчилар сонини оширди. Буни Ҳамаснинг янги раҳбари Холид Машалнинг мана бу баёнотидан ҳам кузатиш мумкин.
"Қўшма Штатлар ва Исроил душманларимиз эканига аввалари бироз шубҳа бўлган бўлса, Шарон-Буш учрашувидан сўнг ишонаманки бундай шубҳага ўрин қолмади.", - деди Холид Машал ва кураш бундан буён ҳам давом этишин таъкидлади.
Агар Исроил ҳатти-ҳаракатларини қораловчи араб давлатлари олға сурган резолюцияни АҚШ яна вето қиладиган бўлса, бу нафақат Фаластин халқи, балки кўплаб араб давлатлари ғазабига учраши ва Яқин Шарқ тинчлик жараёнига салбий таъсир қилиши мумкинлигини айтишмоқда, кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG