Линклар

Апрель ойида ҳарорат одатдагидек бўлади


Дилнаво Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқлимнинг бироз ўзгариши кузатилмоқда. Хусусан, 2003 йилнинг ёзи одатдагидан иссиқ келди. 2004 йил қишда эса анча илиқ бўлгани маълум.

Ўзбекистон гидрометеорология тадқиқотлари илмий текшириш институти мутахассиси Зоҳид Назировнинг таъкидлашича, бутун дунёда кузатилаётган глобал иқлим исиши антропоген таъсир натижасида юз бермоқда. 20-асрнинг охирги 10-15 йили давомида ер шари иқлими 0,63 даража исиган. Агар аҳвол шундай давом этаверса, 2050-2100 йилларга бориб ҳарорат 5-6 даражагача кўтарилиши мумкин. Натижада музликлар эрийди, қурғоқчилик кучаяди. Арктика ва Антарктидадаги асрий музликларнинг эриши туфайли дунё океани сатҳи 20 сантиметргача кўтарилади. Бу эса мисли кўрилмаган тўфонларни юзага келтиради.

З.Назаровнинг фикрича, Ўзбекистондаги иқлим ўзгаришларини глобал исиш натижаси, дейиш ноўрин.

Соҳа мутахассиси Баҳодир Баҳриддиновнинг айтишича, Тяньшань ва Помир-Олой тоғ тизмаларидаги музликларнинг кўпчилиги йиллар ўтган сайин эриб, йўқ бўлиб кетмоқда.

Марказий Осиёдаги сув ресурсларининг камайиб боришида Орол ҳавзасидаги ўзгаришларнинг таъсири катта. Йилига ҳавзадан осмонга кўтарилаётган 40 миллион тонна туз минтақада ҳароратнинг янада кўтарилишига ва музликларнинг эриши тезлашишига сабаб бўлмоқда.

“Экосан” жамғармаси раиси Юсуф Шодиметовнинг билдиришича, 2025-2030 йилларга бориб, Марказий Осиёда ҳарорат 2-3 даражагача кўтарилиши мумкин. Бу эса Оролнинг бутунлай қуришига, музликларнинг эриб кетиши ва оқибатда минтақада сув муаммосининг жуда кескинлашишига олиб келади.

З.Назировнинг айтишича, жорий йилнинг апрель ойи иссиқлик ва ёғингарчилик жиҳатдан одатдагидек келади. Ёз фасли ҳам меъёрдагидек келиши кутилмоқда.

З.Назиров ҳароратнинг ортиб бориши 2030 йилгача Ўзбекистон аҳолисининг сув муаммосига дуч келишига сабаб бўлмаслиги, кейинги даврлар юзасидан тадқиқотлар давом этаётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG