Линклар

Сорос жамғармаси рўйхатдан ўтмади


Тўлқин Ўзбекистонда Сорос жамғармаси номи билан танилган Очиқ жамият институти – Кўмак жамғармаси Адлия вазирлигида қайта рўйхатдан ўтказилмади.

Бу жамғарма Ўзбекистондаги кўплаб давлат ва нодавлат ташкилотларни грант асосида маблағ билан таъминлаб келарди. Хўш, энди мазкур жамғарма кўмаги билан фаолият юритиб келган нодавлат ташкилотларнинг тақдири қандай кечади?

“Иқбол” ёшлар маркази раҳбари Нигор Ғаффорованинг сўзларига қараганда, марказ бундай буён бирор лойиҳани амалга оширишга ожиз бўлиб қолади. Марказ тижорий фаолият тури билан шуғулланмагани сабабли эндиликда Интернетдан фойдаланиш, офис учун пул тўлашда ҳам қийинчиликларга дуч келади.

Аёллар ресурс маркази мутахассиси Олмос Қодирова Сорос жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган кўпгина лойиҳалар тақдири ҳам номаълумлигича қолаётганидан ташвиш билдирди.

“Ҳали тугалланмаган лойиҳалар кўп. Бу лойиҳаларнинг кўчилиги маданият, санъат, китоб нашр этиш соҳалари билан боғлиқ”, деди у.

О.Қодированинг таъкидлашича, Сорос жамғармаси Ўзбекистонда нафақат нодавлат, балки давлат ташкилотлари, ҳатто баъзи амалдорларнинг халқаро анжуманларда иштирок этиш учун хорижга сафар қилиш харажатларини ҳам кўтарган.

Ёзувчи Собит Мадалиев Сорос жамғармасининг таълим, маданият, адабиёт ва санъат соҳаларида қилган хизматлари, айниқса, муҳим бўлганини билдирди. Унинг айтишича, жамғарма китоб чиқариш, рассомларнинг кўргазмаларини ташкил этишга бир йилда 40-50 та грант ажратган.

Н.Ғаффорованинг сўзларига қараганда, Сорос жамғармаси сиёсатдан ташқари соҳаларда иш олиб борган. Жамғара аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, аёлларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш масаласида жуда катта ёрдам берган.

Жамғарманинг қайта рўйхатдан ўтказилмагани ҳақида Ўзбекистон матбуоти бирорта хабар тарқатгани йўқ. Аммо хорижий ОАВда жамғарманинг Ўзбекистондаги фаолиятига чек қўйилишига олиб келган сабаблар хусусида турли тахминлар билдирилмоқда. Ана шундай фаразлардан бирига кўра, Грузиядаги Президент алмашуви воқеасига Сорос жамғармасининг иштироки борлиги тўғрисидаги хабарлар бу ташкилотнинг Ўзбекистондан қувилишига сабаб бўлган.

Бу каби фаразларга муносабат билдирар экан О.Қодирова шундай деди:

“Жамғарманинг Грузиядаги воқеаларга алоқадорлиги тўғрисида бирор гап айтиш қийин. Балки бу гаплар тарқатилишига қандайдир сабаб бордир. Аммо жамғарма ажратган грантлар асосида бизнинг Аёллар ресурс марказимиз аёллар муаммолари, гендер масалаларида иш олиб борганмиз. Сиёсатга ҳеч қачон аралашганимиз йўқ”.

С.Мадалиевнинг фикрича, Ўзбекистон ёпиқ жамият, Сорос жамғармаси эса ўз номи билан Очиқ жамият институтидир. Шундай экан, ёпиқ жамият очиқ жамият тарғиботчисини қабул қилмаслиги табиийдир.
XS
SM
MD
LG