Линклар

Уч ўт орасида қолган Президент


Сарвар УСМОН Қозоғистон иқтисодиёти агар шу кундаги суръатлар билан ривожланишда давом этгудек бўлса, кўп ўтмай таҳлилчилар иқтисодиётнинг "қозоқча модели" тўғрисида гапира бошласалар ажаб эмас. "Қозоқча модел"нинг муаллифи сифатида ҳақли равишда Президент Назарбоевни тилга оладиган бўлишади.

Бироқ, сўнгги кунларда Қозоғистоннинг ўзида ҳамда ундан ташқарида рўй берган баъзи воқеалар, Президент Назарбоевни келажакда нафақат "ҳамду сано"лар кутаётганлигидан ўзига хос дараклар бўлиб кўринаяпти.

***

20 апрел куни Қозоғистон Республикаси Фавқулодда Вазиятлар вазирлигининг собиқ раҳбари Заманбек Нуркадилов Президент Назарбоевни судга берди. Мамлакат ичидаги мазкур воқеа тафсилотларига бироздан сўнг тўхталамиз. Ҳозир эса, "ташқарига чиқайлик".

Жорий ҳафтани Қозоғистон Президенти Германияга ташрифдан бошлади. Немислар юртида Қозоғистон раҳбарини совуққина кутиб олдилар, деб ёзди матбуот. Германия сафарини бир кунга қисқартириб, Назарбоев ортга қайтди ва 20 апрел куни Москвада тўхтаб, Кремлга бош суқди. Президент Путин билан учрашди. "Коммерсантъ", "Российская газета" ва бошқа нашрларнинг хабар беришича, бу учрашув ҳам қуруққина, совуққина бўлди.

Хўш, нега?

Ахборот воситалари, жумладан Страна.РУ сайти мана бундай деб ёзди: "Германия Президенти ва парламентидаги мухолифат лидери билан бўлиб ўтадиган учрашув чоғида Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари поймол қилинаётгани ҳамда коррупция муаммоси муҳокама қилиниши режалаштирилганини айтганларидан сўнг, Назарбоев бу учрашувларни бекор қилди ва Москвага бир кун эрта учиб кетди".

Қозоғистонлик сиёсатшунос профессор Нурбўлат Масанов Қозоғистон Президентининг Германияда совуқ кутиб олиниши сабабини тушунтирар экан, беихтиёр Страна.РУ сайтида келтирилган хабарни тасдиқлади: "Менимча, бунга Назарбоевнинг "Казахгейт" аталмиш можарога аралашиб қолганлиги туфайли дунё жамоатчилиги назарида обрўси тушиб кетганлиги, демократия ривожи ва либерал ислоҳотларга тўсқинлик қилаётганлиги сабаб бўлди".

Қозоғистон раҳбарининг Москва сафари тафсилотларига тўхталишдан аввал, лавҳамизни бошлаётиб айтганимиз гапга қайтайлик. Ҳа, собиқ вазир Заманбек Нурқадилов Президент Назарбоевни судга берди. Ўз аризасида жаноб Нурқадилов "Казахгейт" можароси АҚШ судида кўриб чиқилгунга қадар Президент Назарбоевни вазифасидан четлатиб туриш тўғрисида қарор чиқаришни сўраган. (Доимий тингловчимизнинг можаро тафсилотларидан, яъни Президент Назарбоевнинг собиқ ёрдамчиси америкалик Жеймс Гиффен унга бир неча миллион доллар миқдорида пора берганликда айбланаётганидан хабари бўлса керак.)

Демак, Германия раҳбарияти Қозоғистон Президентини совуқ кутиб олар экан, аввало ўз обрўсини, эртага қизариб қолмасликни ўйлаганга ўхшайди.

Хўш, Москва-чи?

"Коммерсантъ"нинг ёзишича, Москва билан Астана ўртасидаги совуқчилик сабаби "Қозоғистоннинг ҳарбий ва ёқилғи-энергетика соҳасида Ғарб билан ҳамкорлик қила бошлаганидадир".

Мавзу юзасидан суҳбатлашар эканмиз, қозоғистонлик сиёсатшунос Нурбўлат Масановдан, нима учун Кремлнинг Ўзбекистон раҳбари билан шу пайтгача илимилиқ бўлган муносабати ҳарорати бирдан исиб, Қозоғистон раҳбари билан муносабати аксинча, совиб кетди, деб сўрадик. (Маълумотларга қараганда, аслида куни кеча бўлиб ўтган Путин-Каримов сўзлашувлари бошқа форматда – Путин-Каримов-Назарбоев форматида ўтиши режалаштирилган, бироқ, Кремль бу режани ўзгартириб юборган.) Саволимизга жаноб Масанов:
"Бу, балки, постсовет маконида устувор бўлиш учун курашдир? Балки иқтисодий муваффақиятларга эришаётган Қозоғистонга ҳасаддир? Тўғри, бу муваффақиятларнинг мустаҳкам асоси йўқдир, бироқ, бошқа давлатлар, жумладан Россияга нисбатан Қозоғистон анча илгарилаб кетди ва Путин доим Қозоғистонни намуна сифатида тилга олишга мажбур бўлиб келаяпти", - деб жавоб берди.

"Коммерсантъ"га кўра эса, Кремлнинг ғашини келтирган асосий сабаб Қозоғистоннинг ҳаво хужумидан мудофаа тизимини кучайтириш мақсадида Назарбоев Россия билан эмас, балки Ғарб билан ҳамкорлик қилаётганлигидадир.

Нима бўлганда ҳам, газетанинг ёзишича, шу кунда Қозоғистон Президенти икки ўт орасида қолди: бир томондан, қилган хушомадларини Ғарб эътиборсиз қолдирди, иккинчи томондан, Москва унинг самимийлигига ишонмаяпти.

Учинчи ўт ҳам борки, у ҳақда - мухолифат вакилларининг Президентни порахўрликда айблаб, судга бергани тўғрисида лавҳамизни бошлаётиб айтувдик.

***
XS
SM
MD
LG