Линклар

logo-print

Янги қарорлар бозорларга нима берди?


Тўлқин Сўнгги икки йил давомида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси бозорларда савдо-сотиқни тартибга солишга қаратилган иккита қарор (2002 йил майдаги 154-қарор ва 2003 йил 28 июлдаги 330-қарор) қабул қилди. Хўш, бу қарорлар қабул қилинишига қандай зарурат бор эди? Мазкур ҳужжатларнинг натижаси қандай бўлди?

Иқтисодчи ва тадбиркор Жаҳонгир Шосалимовнинг таъкидлашича, 2002 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва Халқаро валюта жамғармаси ўртасида меморандум имзоланган. Бу ҳужжатга асосан Ўзбекистон сўмни конвертация қилиш, муомаладаги нақд пул массасани камайтириш каби мажбуриятларни ўз зиммасига олган. Мамлакатда амалга оширилган бозор ислоҳотлари, ички бозорни тартибга солишга эҳтиёж айни шу сабабли келиб чиққани кўриниб турибди.

Мазкур қарорлардан кўзлаган асосий мақсад сифатида маҳаллий бозорни сифатсиз моллардан ҳимоя қилиш эди. Шунга қарамай, Чилонзор буюм бозоридаги (собиқ “Отчопар”) тижоратчиларнинг билдиришича, аҳоли барибир сифатсиз бўлса-да, арзон буюмларни харид қилишга интилмоқда.

Ж.Шосалимовнинг билдиришича, мазкур икки қарор қабул қилингунча собиқ “Отчопар” бозорида тадбиркорларнинг 30 фоизи маҳаллий товарлар билан савдо қилган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 10 фоизга ҳам етаётгани йўқ. Бунга асосий сабаб маҳаллий товарларнинг хориждан келтирилган маҳсулотлар билан рақобат қила олмаётганидир.

Бозорда ўтказилган ислоҳотлар четдан ноқонуний равишда товар келтиришнинг олдини олиши ҳам зарур эди. Тижоратчиларнинг эътирофича, айни пайтда бозорлардаги асосий маҳсулотлар сертификатларга, божхона тўлови амалга оширилгани ҳақидаги тегишли ҳужжатларга эга. Бундан икки йил муқаддам сотувчиларнинг ўзлари сертификат нималигини билмаган.

Ж.Шосалимовнинг сўзларига қараганда, сифатсиз бўлгани учун мусодара қилинган молларни ҳукуматнинг ўзи яна сотувга чиқарган. Бу эса мусодара қилинган барча товарлар ҳам сифатсиз бўлмаганини ёки солиқ идоралари шу йўл билан фойда олаётганини кўрсатади. Бундан ташқари, қўшни давлатларда арзон бўлган молларнинг Ўзбекистонга кириб келишини ҳам тўхтатиш қийин.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлганларнинг кўпчилиги икки йил давомида бозорларда ўтказилган ислоҳотлар ҳеч қандай ижобий натижа бермаганини таъкидлади. Уларнинг айтишича, бозорларда ҳамон сифатсиз товарлар сотилмоқда. Божхона тўловларининг кўтарилиши оқибатида маҳсулотлар қиймати ҳам қимматлашган. Бу эса харидорларнинг анча камайишига олиб келган.
XS
SM
MD
LG