Линклар

Ҳукуматнинг ер сиёсати олимларга ёқмаётир


Шайбон 22 апрел куни БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси биноси элликка яқин фуқаро томонидан пикет қилинди. Улар Ер халқаро куни муносабати билан БМТдан Ўзбекистондаги экологик вазиятнинг бузилишига сабаб бўлаётган маҳаллий расмийларни тартибга чақиришни талаб қилдилар. Шу билан бирга, пикетчилар халқаро ташкилотни деҳқонларни ҳукумат вакиллари зуғумидан ҳимоя қилишга чақирдилар.

Пикет иштирокчиларининг таъкидлашича, Ўзбекистон тупроқларининг унумдорлиги шўролар давридагига нисбатан 2-3 марта пасайиб кетган. Президент олиб бораётган ер сиёсати бутунлай нотўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Шундай экан, деҳқоннинг ишига аралашиш керак эмас. Пахта эккан ерда картошка, буғдой каби ўсимликларни ўстириш мумкин эмас. Чунки пахта экилган ер заҳарланган бўлиб, бу заҳар картошка ёки буғдойни истеъмол қилиш орқали одамга ҳам ўтади.

Пикетчиларнинг фикрича, ҳукуматнинг ер борасидаги сиёсати натижаси ўлароқ, аҳолининг 80 фоизи қашшоқликда кун кечирмоқда. Бу эса халқни ўз норозилигини кескин шаклда ифодалашга ундайди. Олим Қурбон Розиқовнинг сўзларига қараганда, яқин кунларда халқнинг кескин чиқишлари бўлиши мумкин.

“Ўзбекистонда Грузиядагидек “майин инқилоб” амалга ошмайди. Бунинг сабаби халқни бошқарадиган зиёлиларнинг йўқлигидадир. Агар ўзбек халқи кўчага чиқса, кўп қон тўкилиши мумкин. Пикетчилар ана шундай қон тўкилишларининг олдини олиш учун норозилик акцияси ўтказмоқда”, - деди олим.

Пикетчиларнинг айтишича, қон тўкилишининг олдини олиш учун ҳукумат вакилларининг ер, хусусан, қишлоқ хўжалигига муносабатини тубдан ўзгартириш керак. Деҳқонларга тўлиқ эркинлик берилиши, тупроқда йиғилиб қолган заҳарли моддаларни тозалаш чораларини кўриш лозм.

Пикетда иштирок этган яна бир гуруҳ фуқаролар мамлакатда инсон ҳуқуқларининг топталиши, ҳуқуқ-тартибот органларидаги қонунбузарликлардан норозилик изҳор этди. Уларнинг таъкидлашича, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги Ўзбекистондаги вазиятни юмшатиш учун кескин чоралар кўриши керак.

Ваколатхонанинг инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Заннофер Исмалиде пикетчилар вакиллари билан учрашиб, уларнинг талабларини ўрганди. У норозилик акциялари иштирокчилари кўтарган масалаларга бирданига жавоб бериш мушкуллигини айтиб, улардан ўз талаб ва мулоҳазаларини ёзма равишда топширишини сўради.

“Биз бу масалаларни атрофлича ўрганиб, тегишли жавоб қайтарамиз,” - деди З.Исмалиде.
XS
SM
MD
LG