Линклар

logo-print

54 кишими ёки 3000 киши?

  • Сарвар Усмон

22 апрел кечки эшиттиришларимизда Шимолий Кореяда икки юк поездининг тўқнашиб кетгани, натижада мингдан зиёд киши нобуд бўлгани тўғрисида хабар берган эдик. Кейинроқ, ҳалок бўлганлар сони 3000 кишидан зиёд эканлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўла бошлади. Бу Жанубий Кореядаги манбалардан олинган маълумотлар эди. Фожиа юз берганидан бир кеча-кундуз ўтгачгина, Шимолий Корея расмийлари Халқаро Қизил Хоч ташкилоти вакилларига тўқнашув чиндан ҳам юз бергани, бироқ нобуд бўлганлар сони аввал хабар берилганидан анча оз - 54 киши экани тўғрисида маълумот бердилар. Бундан ташқари 1249 киши жароҳат олгани айтилади расмий Пхеньян Қизил Хочга берган маълумотда. Хўш, қайси маълумот ҳақиқатга яқин? Аввалгисими ёки кейингисими?

Корея Халқ Демократик Республикаси ёки жуғрофий ўрнига кўра, Шимолий Корея, деб аталадиган мамлакат қўшниси Жанубий Кореядан жорий сиёсий режимига кўра кескин фарқ қилишини яхши биласиз. Бир неча ўн йил давомида коммунист Ким Ир Сен бошқарган, ҳозирда эса, унинг ўғли Ким Чен Ир бошқараётган Шимолий Корея Сталин давридаги Совет Иттифоқи, Мао Цзе Дун давридаги Хитой ёки Сапармурод Ниёзовнинг Туркманистонига ўхшаш бир мамлакатдир. Шунинг учун ҳам, бу мамлакатдан ҳатто ўша 54 кишининг қурбон бўлгани тўғрисидаги маълумот чиққани ҳам катта гап.

Келинг, энди бевосита фожианинг ўзи тўғрисидаги маълумотларга ўтайлик.

Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг Пекиндаги матбуот вакили Жон Спарроудан олинган маълумотларга қараганда, авария Хитой чегарасидан 20 чақирим ичкарида, Шимолий Кореянинг Рёнчхон шаҳрида юз берган.

Жон Спарроу журналистларга маълумот берар экан,
Ҳалокат юз берган жойга Қизил Хочнинг Шимолий Кореядаги ходимлари етиб борганини, расмийлар уларга портловчи моддалар ортилган вагонлар портлаб кетди, деб маълумот берганини, вагонларда конларда ишлатиладиган портлатгичлар бўлганини айтишганини билдирган ва сўзини давом эттириб, "Расмий маълумотларга кўра, 54 киши ўлган, Бу, албатта, дастлабки маълумот. 1249 киши жароҳатланган. Қурбонлар сони ортиши мумкин. Чунки, портлаш туфайли 1850 та уй тўла, 6350 уй қисман вайрон бўлган", - деб маълумот берди.

АҚШ Давлат Департаментининг матбуот Котиби Ричард Баучер 21 апрел куни:
"Биз Шимолий Кореяда рўй берган ҳалокатни диққат билан кузатиб турибмиз. Афтидан қурбонлар жуда кўп. Бу, шубҳасиз, фожиадир ва биз жабрланганларга ҳамдардлигимизни билдирамиз. Бироқ, қўлимизда аниқ маълумот йўқ. Биз Шимолий Корея халқига ёрдам беришга ҳар доим тайёрмиз. Лекин, такрор айтаманки, ҳозирча вазиятнинг қандайлигини билмаймиз ва шунинг учун ҳам айнан нима билан ёрдам кўрсатишни билмай турибмиз", - деди.

Шу соатгача олинган маълумотларга қараганда, Шимолий Кореяга Хитой ва Жанубий Корея ҳукуматлари ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Шимолий Корея Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан расман ёрдам сўради.
XS
SM
MD
LG