Линклар

Бу халқ ичида афсона бўлувчилар бор


Шайбон 28 март куни Тошкентнинг Чорсу бозорида милиция ходими томонидан 65 ёшли Аҳмаджон Турдиевнинг уриб ўлдирилиши халқ орасида кучли акс-садога сабаб бўлмоқда. Ҳатто бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифатдаги партиялар вакиллари А.Турдиев оиласини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун махсус кампания ўтказаётир. Айни воқеани ўрганиш жамоатчилик комиссияси ҳам иш бошлаган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари А.Турдиевни миллат қаҳрамони сифатида кўрмоқда. Жамиятшунос Комрон Алиевнинг таъкидлашича, аҳоли милиция ходимларидан, амалдорларлан қўрқиб турган бир шароитда бу инсон бозордаги бегуноҳ аравакаш йигитни ҳимоя қилишга урингани қаҳрамонликдан ўзга нарса эмас.

К.Алиевнинг фикрларини жамиятшунос Баҳодир Мусаев ҳам қўллаб-қувватлади.

“Халқ ичидан чиққан оддий инсон ҳаммамизга фуқаролик иродасининг фуқаролик қаршилик билан уйғунлаштириш намунасини кўрсатди. Машҳур файласуфлар ҳам эътироф этганки, одамларда фуқаролик иродасини сезиш мумкин, аммо айни ироданинг фуқаролик қаршилик билан уйғунлашувини топиш қийин. А.Турдиевнинг ҳаракати эса бизга яхшигина сабоқ бўлди”, - деди Б.Мусаев.

Кузатувчиларнинг айтишича, А.Турдиев воқеаси юзлаб одамларни ўзаро жипслаштирганини Турдиевлар хонадонига келаётган ҳамдардлик мактублари, оилани қўллаб-қувватлаш мақсадида уюштирилаётган акциялар ҳам кўрсатиб турибди. Ҳатто А.Турдиев ҳаётига зомин бўлган милиция ходимини жавобгарликка тортиш талаби билан норозилик чиқишлари ўтказиляпти.

Чорсудаги воқеанинг кучли акс-садо бераётгани сабабларига тўхталар экан Демократик ташаббус маркази раҳбари Искандар Худойберганов шундай деди: “У (А.Турдиев) шафқатсиз давлат террори қурбонига айланди. Айнан давлат террорининг қурбонига. Буни бугун ҳар бир фуқаро яққол ҳис қилмоқда. Ҳаммага аёнки, эртага айни шундай муносабатга бошқалар ҳам йўлиқиши мумкин. Одамлар фақат А.Турдиев тақдиридан эмас, балки ўзларининг ҳам аччиқ қисматидан қайғурмоқда. Улар бугун қандай қалтис вазиятда яшаётганини англаб турибди ва мана шу изтироб қалбларида исён пайдо қилмоқда”.

Маълумотларга кўра, таниқли ҳофизлардан бири А.Турдиев хотирасига бағишлаб қўшиқ басталаган. Яна бир шоир эса унинг хотирасига шеър ёзган.

Б.Мусаевнинг сўзларига қараганда, таниқли ёзувчи Собит Мадалиевнинг: “Афтидан, халқимизнинг эртаси йўқ. Чунки бу халқ ҳақида афсоналар ёзадиган ёзувчи-шоирлар йўқ. Мадомики халқ ҳақида афсона бўлмас экан, демак бу халқнинг келажаги ҳам бўлмайди”, - деган нуқтаи назари бор. Аммо А.Турдиевнинг адолатсизликка қарши дадил чиқиши бу халқ ичида афсона бўлгувчилар борлигидан далолатдир. Шундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, халқ ичида А.Турдиев сингарилар бор экан, демак халқнинг ҳам эртаси бор.
XS
SM
MD
LG