Линклар

Ўзбек аёллари наркотик моддалар сотишга жалб этилмоқда


Феруза Ўтган йили Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 1 минг 80 килограмм гиёҳванд модда қўлга туширилган бўлиб, шунинг 336 килограмми героин, 151 килограмми опий, 516 килограмми марихуанадир. Бу ҳақда “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш маркази директори Камол Дўсметов маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ўтган йили мамлакатда гиёҳвандлик моддаси савдоси юзасидан 6 минг 845 фуқарога нисбатан 5 минг 360та жиноят иши қўзғатилган.

Расмий манбаларда Ўзбекистонда гиёҳванд моддалар савдосига жалб қилинган аёллар жуда кам эканини эътироф этилсада, норасмий маълумотларда чегара ҳудудларида бу иш билан кўпроқ аёллар шуғулланиши айтилади. Маълум бўлишича, гиёҳванд моддалар истеъмол қиладиган аёлларнинг аксарияти наркотик сотишга ҳам жалб этилади.

Наркотик моддаларни назорат қилиш маркази маълумотларига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 22 минг наркоман рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 1 минг 123 нафари аёллардир. Гиёҳвандлар ва фоҳишаларга маънавий ёрдам бериш учун Япония лойиҳаси асосида тузилган кўнгиллилар гуруҳи аъзоси Сергей Владимировнинг таъкидлашича, ўзбек оиласининг жуда катталиги ва бу рўзғорни тебратиш қийинлиги аёлларининг гиёҳванд моддалар савдосига аралашаётганига сабаб бўлмоқда.

“Мен гиёҳванд моддалар савдосини оилавий бизнесга айлантириб олган оилаларни биламан. Бу оилаларда аёллар ўз яқинларининг ишига ёрдам беради. Бу Ўзбекистон шароитида тез бойиб кетишнинг енгил йўли. Аёлларнинг бу ноқонуний бизнесга жалб қилинаётганига келсак, уларнинг турли йўллар билан текширув ва назоратдан ўтиши эркаклардан кўра осонроқ кечади. Аёллардан камроқ шубҳаланишади”, - деди С.Владимиров.

Кўнгиллилардан яна бири - Лена Ўзбекистонда аёллар болаларининг келажагини ўйлаб шундай жиноят содир этаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, ишсиз эри ва кўп сонли болалари бор аёллар кундалик қийинчиликлар туфайли арзимаган сабаб билан наркотик сотувчига айланиши мумкин.

Сергей ва Ленанинг сўзларига қараганда, наркотик сотувчилар орасида ўзбек аёллари ҳам кўп учрайди. Хусусан, фоҳишалар ин қурган кўчалардаги қиз-жувонларнинг кўпчилиги гиёҳванд моддаларни сотиш ва истеъмол қилиш билан шуғулланади.
XS
SM
MD
LG