Линклар

logo-print

ҚИПРИС ИККИ ЙЎЛ ОРАСИДА

  • Ҳурмат Бобожон

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи ва бир қатор бошқа халқаро тузилмалар қиприс-грек жамоасининг Қиприс оролини бирлаштириш бўйича Кофи Аннан режасига қарши овоз берганидан афсусланиш изҳор этдилар. Шанба кунги референдумда қатнашган Қиприсдаги грек жамоасининг 75 фоизи оролнинг БМТ режаси доирасида бирлашишишига қарши овоз берди. Ўз навбатида референдумда қатнашган қибрислик туркларнинг 65 фоизи режани мақуллаган.

БМТ Бош Котиби Кофи Аннан илгари сурган режа Қиприс оролида икки субъектдан иборат федератив давлат қуришни назарда тутган. Шунингдек, ушбу режа турк қўшинларининг шимолдан олиб чиқилиши, кўплаб грекларнинг шимолга ўз уйларига қайтарилиши ва халқаро молиявий ёрдамлар оқимини йўлга қўйлишини ҳам ўз ичига олган. Бироқ, орол жанубида яшовчи юнон аҳолисининг БМТ режасига манфий муносабати ушбу режанинг амалга ошишини чиппакка чиқарди.

Айни пайтда орол шимолида яшовчи туркларнинг 65 фоизи Кофи Аннан илгари сурган режани мақулладилар. Аннан режаси Қиприсдаги 30 йиллик айрилиққа нуқта қўйиши ва оролнинг яхлит шаклда Европа Иттифоқига қўшиши керак эди. Бироқ, референдум натижалари, 1 май куни Европа Иттифоқига Қиприс оролининг фақат грек қисми қабул қилинишини ва юнон аҳолисининг қарши овози боис оролни бирлаштириш режаси яна чиппакка чиққанини кўрсатди. Бунга жавобан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти оролдаги ваколатхонасини ёпишга ва у ердаги вакилини чақиртиришга ахд қилди. БМТнинг оролдаги вакили Алверо де Сото референдум натижаларига муносабат билдирар экан "Қиприс оролини бирлаштиришнинг улкан тарихий имконияти бой берилди", - деди. Европа Иттифоқи ва бир қатор бошқа халқаро тузилмалар Қиприс ороли юнон қисмининг оролни бирлаштириш бўйича БМТ режасига муносабатидан афсусланиш изхор этдилар.

Ўз навбатида Европа Иттифоқи қибрислик туркларнинг режага бундай муносабатини олқишлади ва Шимолий Қиприсни ривожлантириш бўйича режаларни ишлаб чиқишга ваъда берди. Ҳозирда қиприс турк жамоаси учун энг муҳим масала уларга жорий этилган иқтисодий санкцияларнинг бекор қилиниши. Ва бугунги воқелик мана шу санкцияларни бекор қилиш мавруди келганидан дарак бермоқда.
XS
SM
MD
LG