Линклар

Ўғрилар заҳардан ҳам тап тортмайди


Расмий маълумотларга кўра, яқинда Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида жойлашган заҳарли ва радиактив чиқиндилар қабристонида кўмилган моддаларни ўғирлаётган шахслар қўлга олинган.

Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ер ресурслари инспекцияси бошлиғи Бердибой Собировнинг билдиришича, Янгиариқдаги қабристонда мутахассислар томонидан текшириш ўтказилаётганда ҳаёт учун хавфли бўлган, ишлатиш маън қилинган дориларни ўғирлаётган уч шахс қўлга олинган. Янгиариқ туманининг “Оқмасжид” фермерлар уюшмасида яшовчи Рўзибой Абдушарипов, Ҳамдам Абдуллаев ва Қувондиқ Нурматов 21 қути (тахминан 300 килограмм) нейтропен препаратини ўғирлагани хусусида далолатнома тузилиб, бу иш вилоят прокуратурасига топширилган.

Б.Собировнинг таъкидлашича, бу қабристонга 1965-1980 йилларда санитария-гигиена меъёрларига хилоф равишда 200 тоннадан зиёд ўта заҳарли кимёвий моддалар кўмилган. Асл майдони 4,5 гектар бўлган қабристон ҳудуди бугунга кунга келиб 8-10 гектаргача кенгайиб кетган.

Маълумотларга қараганда, заҳарли моддаларни ўғирлаш ҳолатлари 1998 йилдан бошлаб аниқлана бошласа-да, бунинг олдини олишга эътибор берилмаган.

Вилоят “Қишлоқхўжаликкимё” бирлашмасининг махсус дастурига кўра, қабристонни зарарсизлантириш ишлари 1999 йил майда ниҳоясига етказилиши керак эди. Аммо маблағ йўқлиги сабабли бу ишлар ҳамон пайсалга солиб келинмоқда.

Б.Собировнинг айтишича, қабристон атрофини ўраш, қўриқчи қўйиш бирлашма зиммасидадир. Бироқ мазкур ташкилот раҳбарларининг масъулиятсизлиги туфайли бу ишлар бажарилмаган. Натижада бу ерда доимий равишда ўғирлик содир этиб келинган.

Ҳужжатларга қайд этилишича, 1998-2001 йилларда қабристонга яқин жойлашган “Оқмасжид”, “Остона” ва Аваз Ўтар номидаги хўжаликлари ҳудудида яшовчи аҳоли ўртасида сил, жигар яллиғланиши, саратон, сурункали гепатит, ошқозон-ичак касалликларига чалиниш сезиларли кўпайган. Бундан ташқари, оналар ва болалар ўлими, ногирон ва ақли заиф фарзандлар туғилиши кўрсаткичи ортган. Биргина “Оқмасжид” хўжалиги аҳли ўртасида 2002 йилнинг беш ойи мобайнида 20 киши саратондан вафот этган бўлиб, улар орасида ўсмирлар ҳам бор.

Маҳаллий кузатувчиларнинг сўзларига қараганда, қабристондан ўғирланган заҳарли кимёвий моддалар вилоят бозорларида бемалол сотилмоқда. Ҳолбуки, бу моддаларни нафақат сотиш, балки очиқ ҳолатда сақлаш ҳам катта хавф туғдиради.
XS
SM
MD
LG