Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:30

ФАЛЛУЖА АҚШ УЧУН СТАЛИНГРАДМИ?


АҚШ кучлари Ироқнинг Фаллужа шаҳрида панох топган исёнчи гуруҳларга қарши режалаган кенг миқёсли ҳарбий амалиётларни қолдирган бўлса-да, душанба куни шаҳар атрофларида урушаётган томонлар ўртасида тўқнашув, отишмалар рўй берди. Маълумотларга кўра, Фаллужадаги отишмаларда саккиз қуролли исёнчи отиб ўлдирилган, тўрт америка аскари яраланган.

Коалиция маъмурияти Ироқ қаршилик ҳаракатининг сўнгги қўрғони бўлиб қолаётган Фаллужада кенг қамровли ҳаракатлар ўтказилса, тинч аҳоли орасида талофатлар кўп бўлиши мумкинлигидан хавотирланмоқда. Бу эса тинч аҳоли ғазабига учраши ва у ерда қаршилик ҳаракатининг янада кенг қулоч ёйишига сабаб бўлиши мумкин. Буни Америка ҳарбий раҳбарияти ҳам, Британия ҳарбий раҳбарияти ҳам яхши тушунади. Қолаверса, сўнгги бир ой ичида Америка томони ҳам Фаллужадаги жангларда жуда кўп аскарини йўқотди. Британияда чиқадиган "Индепендент" газетасида босилган "Фаллужа бу сиз учун Сталинграддир" номли мақолада ёзилишича, уч хафтадан бери давом этаётган жангларда 271 америка аскари Фаллужада нобуд бўлган. Шу боис, дейишади кузатувчилар, коалиция маъмурияти ҳам ўзи тарафидан ҳам тинч аҳоли орасидан ортиқча қон тўкилиши олдини олиш мақсадида иложи бор қадар вазиятни муроса йўли билан жиловлашга ҳаракат қилмоқда. Маълумотларга кўра, шанба куни АҚШнинг Ироқдаги маъмурияти рахбари Пол Бремер ва АҚШ қўшинлари қўмондони Генерал Жон Абизаидлар Фаллужада маҳаллий оқсоқоллар билан музокара олиб бориб шаҳарни ҳамкорликда қўриқлаш ҳақида келишувга эришганлар. Ва мана шу учрашув натижасида коалиция кучлари шаҳарга хужум қилиш режасини қолдирган.

Фаллужада душанба куни эрталаб тахминан 150 нафар ироқлик жанггари АҚШ кучлари позицияларига ҳужум қилган. Жанглар бир неча соат давом этган, АҚШ томони ҳарбий вертолётларни ишга солган. АҚШ ҳарбийларига кўра, жанглар давомида саккиз нафар жангари отиб ўлдирилган ва бир қатор АҚШ ҳарбий денгиз пиёдачиси жарохат олган. Лекин, қуролли гуруҳларнинг бу каби ҳужумларига қарамай Америкалик ҳарбийлар маҳаллий хавфсизлик кучлари билан ҳамкорликда эришилган шартнома доирасида сешанба кунидан бошлаб шаҳарни бирга қўриқлашга умид боғламоқдалар.

Ироқнинг бошқа шаҳарларида ҳам вазиятни у қадар барқарор, деб бўлмайди. Душанба куни пойтахт Бағдодда америка ҳарбий патрул машинаси минага дуч келган. Ҳозирча, талафотлар ҳақида аниқ маълумот йўқ. Лекин, воқеа шохиди бўлган ироқлик полициячи мина портлаши чоғида икки америка аскари нобуд бўлганини айтган.

Испаниянинг ўз қўшинларини Ироқдан олиб чиқиш режасига жавобан Британия у ерга қўшимча ҳарбий бўлинма юбормоқчи. Ҳозирда Ироқда 7500 британия ҳарбийси бор. Лекин, ҳозирча Британиянинг Ироққа қанча қўшимча куч юбориши ноаниқ. Лекин, агар Лондон ҳукуматининг бу режаси амалга ошса, Британия кучлари назоратидаги Ироқ худудлари янада кенгаяди. Ҳозирда асосан Ироқ жанубидаги Басра ва Ум қаср шаҳарлари Британия ҳарбийлари назоратидадир.
Шунингдек, Испания ўз қўшинларини Ироқдан олиб чиқиб кетгандан сўнг, америка ҳарбийлари Польша қўмондонлиги аскарлари жойлашган беш вилоятдан иккитасини ўз назорати остига олишини маълум қилди. Ва сўнгги маълумот, Грузия ҳам Ироққа қўшимча ҳарбий бўлинмасини юборишини маълум қилган.
XS
SM
MD
LG