Линклар

logo-print

Семинарда журналистнинг ахлоқ кодекси муҳокама қилинди


Тўлқин 22-23 апрель кунлари Тошкентда Ўзбекистондаги Электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси “Интерньюс-Ўзбекистон” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда “Фуқаролик жамияти қуришда электрон ОАВ журналистларининг роли ва ўрни” мавзуида семинар ўтказди.

Миллий уюшма раҳбари Фирдавс Абдухолиқовнинг маълум қилишича, уюшма ўтган йилнинг октябрь ойида ўз таъсис йиғилишини ўтказгач, 2004 йил январда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва тўла фаолият кўрсата бошлаган. Айни пайтда мамлакатдаги 45 нодавлат электрон ОАВ, жумладан, 30 дан ортиқ телестудия ҳамда 15 га яқин радиостанция ва Интернет сайти мазкур уюшмага аъзодир.

Семинар иштирокчиси, Бухородаги “Репортёр” клуби раҳбар Обид Шабановнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда электрон ОАВни рўйхатга олиш жараёни жуда узоқ чўзилади. Рўйхатга олиш учун тўланадиган тўлов ҳам жуда катта миқдорда белгиланган. Бундан ташқари, нодавлат ОАВнинг техникавий аҳволи ҳам жуда ёмон. Уюшма мазкур муаммоларни ҳал қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Семинар иштирокчилари тадбирга ташриф буюрган ҳукумат амалдорлари билан мазкур муаммолар юзасидан фикрлашиб олган.

Миллий уюшма бошқаруви аъзоси ва ижрочи директори Муҳаммадсалом Машариповнинг билдиришича, семинарда “Телерадиоузатувчилар хартияси” ва “Журналистнинг ахлоқий кодекси” каби ҳужжатлар муҳокама қилинган.

Ўзбекистондаги нодавлат ОАВнинг эркин журналистик фаолият юритиши ёки юритмаслигини қўйидаги мисоллардан билса бўлади. Яқинда мамлакатда юз берган портлашларни ёритишда давлат телеканаллари қанчалик сусткашлик кўрсатгани кўпчиликка маълум. Бу пайтда аксарият нодавлат телестудиялар ҳам сукут сақлади. Самарқанддаги СТВ телестудияси раҳбарининг таъкидлашича, бўлиб ўтган воқеалар Бош прокурорнинг фатвосидан кейингина эфирга узатила бошлаган.

Фақат “Пойтахт” ФМ радиоси портлашлар содир бўлгандан бир қанча вақт ўтгандан кейин воқеа жойидан туриб тингловчиларга ҳар соатда маълумот бериб турди. Мазкур радио раҳбарининг фикрича, журналист Бош прокурорнинг нуқтаи назарини кутиб турмаслиги, балки фавқулодда вазиятларда ҳар қандай шароитда ахборот бериб бориши лозим.
XS
SM
MD
LG