Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:53

“Арена” сайтига кириш чеклаб қўйилди


Феруза Ўзбекистондаги Сўз ва фикр эркинлиги қўмитасининг “Арена” ахборот сайтига кириш (Freeuz.org) маҳаллий провайдерлар томонидан чеклаб қўйилди.

Мазкур қўмита раҳбари Инера Сафаргалиеванинг сўзларига қараганда, “Арена” сайтининг асосий мақсади Ўзбекистондаги ОАВнинг ҳақиқий аҳволи, уларнинг ўзаро ва ҳукумат билан муносабатлари, журналистлар олдидаги тўсиқ ва муаммоларни ёритиш, бу ҳолатларга давлат амалдорларнинг эътиборини қаратишдир. Бироқ сайт очилгандан бир неча кун ўтгач, унга кириш чеклаб қўйилгани ҳақида хабарлар олинган. Тошкентда юз берган портлашларни изчил ёритиб боргандан сўнг сайтга киришни чеклаш янада кучлироқ сезилган.

“Ўзбекистон ҳукумати ва маҳаллий амалдорларнинг оддий тадбиркор ёки журналистнинг фаолиятидан қўрқиши, уни синдириш учун дарҳол ҳужумга ўтиши мени жуда ҳайратлантиради”, деди И.Сафаргалиева.

Ўзбекистондаги Интернет ихлосмандларининг таъкидлашича, мамлакатда халқаро ахборот тармоғидан фойдаланиш жуда чегараланган. Масалан, “Сентразия.ру”, “Фергана.ру”, мухолифатга тегишли ёки мустақил ахборот сайтлари очилмайди. Очилса ҳам Ўзбекистонга оид материалларни ўқишнинг иложи бўлмайди.

Маҳаллий провайдерлар вакилларининг таъкидлашича, сайтларни ёпиш уларнинг ваколатига кирмайди. Провайдерлар фақат Интернетга улаш ва бошқа хизматлар кўрсатиш билангина шуғулланади. Сайт ёки алоҳида мақолани ёпиш эса алоҳида ташкилотларнинг вазифасидир. Бу ташкилотлар сайтлардаги ахборот оқимини доимий назорат қилиб боради ва саралаш билан шуғулланади.

“Озодлик” мухбири мавзу юзасидан Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ва бошқа бир қанча расмий идораларга мурожаат қилди. Лекин бирортасидан сайт ёки мақолаларни ёпиб қўйиш ҳолати бўйича изоҳ ололмади.

Маҳаллий журналистлардан бирининг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати аҳолининг, айниқса, журналистларнинг мамлакатдаги реал ҳаётни кўрсатиб берадиган ахборотлар билан танишишини истамайди. Ўзбекистон халқининг онгини ошириш, дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган материалларни эълон қиладиган ҳар қандай ОАВнинг тақдири шундай бўлади, деди у.
XS
SM
MD
LG