Линклар

Ўқитувчилар ҳам чиқинди йиғмоқда


Сўнгги вақтларда Ўзбекистондаги чиқиндихоналарда турли буюмларни йиғиб юрган турли миллатдаги кишиларни кўплаб учрайди.

Наманган шаҳрининг 1-микротумани ҳудудида жойлашган чиқиндихоналарнинг ҳар бирида 5-6 та шундай фуқарони учратиш мумкин. Сўнгги вақтларда улар орасида ёшлар ҳам кўпайиб қолди. Илья Богомолов 29 ёшда. Унинг ота-онаси Ўзбекистонга Россиядан келиб қолган. Онаси ўлгач, отаси Россияга қайтиб кетган. Ҳарбий комиссарият ҳарбий билет бермаётгани сабабли (бу ташкилот ходимлари унинг паспортини ҳам олиб қўйишган) Илья ота юртига қайтиб кета олмаётир. Ҳарбий билет олиш учун Илья 135 минг сўм тўлаши керак экан. Илгари у фабрикада чилангар бўлиб ишлаган. Фабрика бекилгач, ишсиз қолган. Уйи бўлгани билан доимий рўйхатдан ўтмагани учун ўз уйида яшай олмаётир. Айни пайтда кўча-куйда яшаб юрибди.

Ильянинг айтишича, у қоғоз, латта, пластмасса чиқиндиларини йиғади ва қабул пунктларига топширади. Ҳар килограмм чиқинди учун унга 50 сўм тўлашади.

Микротуманда яшовчи фуқароларнинг айтишича, ўзбек миллатига мансуб дайдилар чиқинди йиққани кечқурун ёки эрта тонгда чиқади. Европа миллатига мансуб кишилар эса кундузи чиқинди йиғади. Дайдилар орасида собиқ ўқитувчилар, спорт мураббийлари, пайвандчилар бор.

Дайдиларнинг сўзларига қараганда, одамлар уларга турлича муносабатда бўлади. Баъзилар улардан жирканади. Айримлар эса бир пиёла чойга таклиф қилиши ҳам мумкин.

Мустақил кузатувчи Маъруф Абдураҳмоновнинг фикрича, чиқинди йиғиб, тирикчилик қиладиганлар сонининг кўпайиб кетаётганига бош сабаб ишсизликдир. Ишлаб турган корхоналар ҳам ўз хизматчиларига етарли маош бера олмайди. Чиқинди йиғувчилар жамиятнинг ҳам, давлатнинг ҳам эътиборидан четда қолиб кетаётир.
XS
SM
MD
LG