Линклар

ПОЛКОВНИК ҚАДДАФИЙ БРЮССЕЛДА

  • Ҳурмат Бобожон

Ливия рахбари Муаммар Қаддафий сўнгги 15 йил ичида илк бор Европага сафар қилмоқда. Сешанба куни Полковник Қаддафий Брюссел шаҳрида Европа Комиссияси Президенти Романо Проди билан учрашди.

Ливия раҳбари Муаммар Қаддафийнинг 15 йиллик узилишдан сўнг илк бор Европага сафар қилиши ва аёл қўриқчилари ҳамрохлигида Брюсселдаги Европа Иттифоқи қароргоҳига кириб бориши унинг халқаро майдондаги реабилитациясидан яна бир даракчи бўлди. Бир ойча олдин Британия Бош Вазири Тони Блэрнинг Триполига бориши ва Қаддафий билан учрашиши, ундан олдин эса АҚШ раҳбариятининг Триполига жорий этган жазо чораларини юмшатиш борасидаги қадамлари Ғарб ва Ливия ўртасидаги музликлар эрий бошлаётганини намоён этган.

Сешанба куни Европа Комиссияси Президенти Романо Проди музокараларни ҳар икки томон учун фойдали бўлганини урғулади. "Ўрта ер денгизи хавзаси ва Африка минтақасида тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш борасидаги Ливия интилишларини олқишлайман. Бу Европа Иттифоқи қарашларига мосдир ва бу борада биз Ливия билан ҳамкорлик қилишни хоҳлаймиз", - деди Проди.

Ўз навбатида Муаммар Қаддафий Проди билан ўтказган музокараларини таърифлар экан, сўзлашувлар чоғида томонлар кўплаб масалалар, хусусан ноқонуний миграцияга қарши кураш борасида келишиб олганликларини айтди.
АҚШ ва Британия, қолаверса Европа Иттифоқининг Ливия рахбариятига илиқона ёндаша бошлашига Қаддафийнинг оммавий қирғин қуроллардан воз кечиши сабаб бўлди ва ғарб етакчилари Қаддафийнинг бундай қарори ядровий қурол ишлаб чиқиш иддаоси бор бошқа мустабид режимларга ўрнак бўлишини таъкидламоқда. Инсон ҳуқуқлари борасида гапирадиган бўлсак, Қаддафийнинг Белгияга сафари унга қараши намойишлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг хавотирлари фонида ўтмоқда. Қўлларига "Қаддафий террорчи", "Қаддафий эчки терисини устига ёпиб олган бўлридир" деган шиорларни кўтарган юзлаб намойишчи Еврокомиссия биноси олдига йиғилди. Қолаверса, қароргоҳи Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия ташкилоти ҳам Ливия рахбарияти номига очиқ мурожаат билан чиқди. Ташкилот тарқатган баёнотда Ливия оммавий қирғин қуроллар ишлаб чиқиш дастуридан қандай воз кечган бўлса, инсон ҳуқуқларини бузувчи диктаторлик бошқарувидан шундай воз кечиши кераклиги таъкидланади.

Ўзининг икки кунлик сафари давомида Муаммар Қаддафий Ливиянинг Барселона процесси деб аталувчи Европа Иттифоқи билан шериклик иттифоқига аъзо бўлиши масаласини мухокама этмоқчи. Бироқ, бу масала осон битадиганга ўхшамаяпти. Европа Иттифоқида кучли таъсирга эга Германия 18 йил аввал Берлиндаги дискотекадаги портлаш қурбонлари учун товон сўрамоқда.
XS
SM
MD
LG