Линклар

Чернобилчилар сафи сийраклашяпти


Зикрилло Ишонч Бундан 18 йил муқаддам – 1986 йил 26 апрелда Чернобиль атом электр станциясида содир бўлган ҳалокат оқибатларини тугатишда иштирок этган ўзбекистонликларнинг 1700 га яқини бугунги кунда ҳаёт эмас.

Ўзбекистон чернобилчилар уюшмаси раиси Абдукарим Исломхўжаевнинг маълум қилишича, мазкур фожеа оқибатларини тугатишда 10 мингга яқин (асосан ҳарбийлар) ўзбекистонлик қатнашган. Улар орасида 50-60 нафар аёл ҳам бўлган. Иштирокчиларнинг 70 фоизини ўзбеклар, қолганини бошқа миллатлар вакиллари ташкил этади.

А.Исломхўжаевнинг айтишича, АЭС портлаган ҳудудда ишлаган, нурланиш оқибатида тузалмас касалликларга чалинган юртдошлар орасида уйлана олмаётган, бола-чақа орттира олмаётганлар бор. Чернобилда ишлаганлар орасида шифокорлар, савдо ходимлари, артистлар ҳам бўлган. Лекин уларга Чернобилдаги портлаш асоратларини тугатишда қатнашганларга бериладиган имтиёзлар йўқ. Чунки улар бевосита қатнашчи сифатида тан олинмаган.

Уюшма раисининг таъкидлашича, айни пайтда ҳаёт бўлган 6500 дан ортиқ чернобилчи ногиронларга айланган. Бу инсонлардан туғилган 6 мингга яқин фарзанд ҳам ногирон бўлиб қолган. Уларнинг барчаси ижтимоий ҳимоя ва тиббий муолажага муҳтождир.

А.Исломхўжаев Чернобиль фожеасининг кўплаб тафсилотлари собиқ иттифоқ даврида сир сақланганини билдирди. Жумладан, портлаш содир бўлгандан сўнг бир қанча вақт давомида аҳолига маълум қилинмаган. Шунингдек, бу ерда нурланганларга нурланганлик даражаси кўпи билан 25 рентген экани тўғрисида ҳужжат берилган. Аслида эса улар жуда кучли нурланган.

И.Исломхўжаевнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда Чернобиль портлашидан заҳарланган ҳудудлардан кўчиб келган 400 дан ошиқроқ шахс истиқомат қилади. Шунингдек, бошқа ядровий объектларда меҳнат қилган фуқаролар сони ҳам кам эмас.

Чернобилда ишлаб қайтганлардан бири кекса отахон Низомиддин Мавлоновдир.

“Учқудуқда ишлаган 20 кишини, жумладан, мени Чернобилга жўнатишган эди. У ерда 12 кун ишлагандан кейин қочиб келган эдим. Ўша 20 одамдан бугунги кунда 3-4 киши тирик қолган. Нурланиш олганим учун ҳозир мен юра олмайман. Ҳеч ким дори-дармон олишга ёрдам бермайди”, деди Н.Мавлонов.
XS
SM
MD
LG