Линклар

Амалдор депутатлар сайловчилардан қочиб юрибди


29 апрель куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтади. Кузатувчилар депутатларнинг аксарияти амалдорлар экани, улар ўз сайловчилари билан бирор марта учрашув ўтказмаганига эътибор қаратмоқда.

Кузатувчиларнинг айтишича, амалдор депутатлар мансабидан маҳрум бўлгандан кейин ҳам депутатлик мақомини сақлаб қолса-да, сайловчилар билан учрашишга интилмаётир.

Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманилик ўқитувчи Маъруф Тешабоевнинг сўзларига қараганда, у бўлажак сессиядан ҳеч нарса кутаётгани йўқ. Бу ҳудуддан туманнинг собиқ ҳокими Сотиболди Мирзаев депутатликка сайланган. Бироқ депутатнинг ҳозир қаердалигини кўпчилик билмайди.

Наманган шаҳрининг “Авлиёота” маҳалласи аҳлининг кўпчилиги депутатликка шаҳар ҳокими (эндиликда собиқ) Муҳаммаджон Тожибоевни сайлаган эди. Вилоят ҳокимлиги маълумотларга кўра, М.Тожибоев 300 дан ортиқ объектни ноқонуний қурдиргани учун ишдан бўшатилган.

“Авлиёота” маҳалласи аҳлининг айтишича, М.Тожибоев сайловчилар билан бирор марта учрашмаган.

Наманган шаҳрининг собиқ Давлатобод тумани аҳлининг аксарияти ҳатто кимга овоз берганини ҳам эслай олмайди.

“Депутатимиз кимлигини билмаймиз. Исми эсимиздан чиқиб кетган. Ҳеч қачон келиб учрашув ўтказмаган. Муаммолар жуда кўп. Лекин биз билан бу муаммоларни ечиш юзасидан суҳбатлашадиган одам йўқ”, дейди собиқ туманнинг “Навбаҳор” маҳалласи фуқаролар йиғини фаоли Гулчеҳра Исроилова.

Наманган вилояти ҳокимлиги вакили Адҳам Нормирзаевнинг фикрича, ҳақиқатан ҳам ҳозирги парламент талаб даражасида эмас. Бироқ йил охирида ўтказиладиган сайловдан кейин иш бошлайдиган икки палатали парламент тизимига ўтилгач, анча ўзгаришлар бўлади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев вилоят ҳокимлигининг фикрларига қўшилмади. Унинг таъкидлашича, мухолифат иштирокисиз ўтадиган сайлов натижада сайланадиган Олий Мажлис депутатларининг айни пайда фаолият кўрсатаётган ҳамкасбларидан фарқи бўлмайди.
XS
SM
MD
LG