Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:21

Фермерлар ишсизлик кўпайишига сабаб бўляпти


Фирдавс Маҳаллий экспертларнинг эътирофича, Ўзбекистонда фермер хўжаликлари кўпайган сари ишсизлар сони ортиб бормоқда.

Гарчи расмийлар фермерлик иш юритишнинг янги ва самарали усули экани ҳақида тўлиб-тошиб гапирса-да, бу ишсизлик даражаси ошиб боришига сабаб бўлаётгани тўғрисида сукут сақлайди. Масалан, ширкат хўжалиги фермер хўжаликларига айлантирилганда, ширкатда ишлаган ишчиларнинг камида 50 фоизи ишсиз қолади. Мутахассисларнинг фикрича, фермерлар харажатларни қисқартириш учун ерда ишлайдиганлар сонини камайтиради ва аксарият ҳолларда ёлланма ишчилардан фойдаланишни афзал билади.

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманилик Раҳмонқул аканинг айтишича, у бир вақтлар ширкат хўжалигида ишлаган. Ширкат фермер хўжаликларига айлантирилгандан сўнг эса ишсиз қолган. Айни пайтда рўзғор тебратиш учун мардикорлик қилишга мажбур бўляпти.

Яна бир суҳбатдошнинг бошига ҳам шундай кун тушган. Қамаши туманидаги “Чим” ширкат хўжалиги фермер хўжалигига айлантирилгач, у ҳам мардикор бозорга чиқиб кетган.

“Фермерларнинг хўжаликларида ҳам иш топиш мумкин. Лекин улар кам ҳақ тўлайди. Бир ойга 10-15 минг сўм беради. Мардикор бозорда эса кунига минг сўмдан топганда ҳам 30 минг сўм бўлади”, дейди чимлик суҳбатдош.

Вилоят фермер хўжаликлари вакиллиги раҳбари Фарҳод Оқбоевнинг таъкидлашича, айни пайтдаги ислоҳотлар даврида энг муҳими ҳукуматнинг фермер хўжаликларини ташкил этиш тўғрисидаги дастурини бажаришдир. Кишиларнинг бунинг натижасида ишсиз қолаётгани муҳим эмас. Айни пайтда Қашқадарёда салкам 12 мингта фермер хўжалиги бор. Вазирлар Маҳкамасининг 2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясига кўра, Қашқадарёда 3 йил давомида яна юзта ширкат фермер хўжалигига айлантирилиши лозим. Бу жараёнда ишёқмас кишиларгина ишсиз қолади, дейди Ф.Оқбоев.

Қашқадарёда ишсизликнинг олдини олиш учун деҳқон хўжаликлари ташкил этишга эътибор қаратилмоқда. Вилоятда шу мақсадда 2004-2006 йилларда кам таъминланган аҳоли қатламининг муқим даромад манбаини шакллантириш концепцияси ишлаб чиқилган. Бу ҳужжат, асосан, вилоятнинг тоғли ҳудудларига татбиқ этилади. Концепцияга кўра, аҳоли зич яшайдиган жойларда деҳқон ва фермер хўжаликлари ташкил этилади, фуқароларга тоғ ва тоғолди ҳудудлардан лалми ерлар ажратилади, миникредитлар берилади. Бунинг учун 150 миллион сўм кредит ҳам ажратилган.
XS
SM
MD
LG