Линклар

Депутатлар кимнинг вакили?


Зикрилло Ишонч 29 апрель куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг навбатдаги сессияси очилади. Шу муносабат билан “Озодлик” мухбири аҳоли вакиллари билан парламент ва депутатлар фаолияти хусусида суҳбатлашди.

Суҳбатдошларнинг деярли барчаси парламент ва депутатлар фаолиятига салбий баҳо берди.

“Парламентнинг фаолиятдан халққа ҳеч қандай фойда йўқ. Парламентимиз қўғирчоқ. Депутатлар элнинг ризқини ейиш билан овора. Улар халқ учун ортиқча харажат”, дейди суҳбатдошлар.

Ўзбекистон сиёсий мухолифати вакили, ҳофиз Дадахон Ҳасановнинг фикрича, парламент фақат расмиятчилик учун тузилган. Агар бу орган ишлаганида халқ бугунгидек оғир аҳволга тушмасди. Олий Мажлис аъзолари халқнинг ҳақиқий вакиллари бўлмагани сабабли уларни депутат, деб ҳам аташ нотўғри.

Суҳбатдошлар парламент мажлислари жуда сокин, баҳс-мунозараларсиз ўтиши ҳақида фикр билдирди. Уларнинг айтишича, депутатлар ҳақиқатни гапира олмайди. Халқнинг ўйлайдиган парламент аъзоси бўлгандагина баҳс-мунозара бўлиши мумкин.

Д.Ҳасановнинг таъкидлашича, халқда қадим-қадимдан ҳокимият вакилининг сўзини қайтара олмаслик руҳи мавжуд. Агар раҳбарларнинг гапини қайтарадиган шахс бўлганида у депутат ҳам бўлмас эди.

Суҳбатдошларнинг аксарияти парламентдаги бундай ҳолатнинг юзага келишига мамлакатда сиёсий мухолифатнинг йўқлигини сабаб қилиб кўрсатди. Улар депутатлар ўз сайловчилари билан мулоқот қилмаслигини ҳам билдирди. Суҳбатдошларнинг фикрича, бундай парламентни аллақачон тарқатиб юбориш зарур эди.
XS
SM
MD
LG