Линклар

Отахон Президент чиқса, телевизорни ўчириб қўяди


Ўзбекистондаги иқтисодий қийинчиликлар халқнинг маънаний ҳаётига салбий таъсир қилмоқда. Жамиятда порахўрлик, фоҳишабозлик, ҳатто ўз фарзандини сотиш ҳолатлари кўпайиб, одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат кўтарилиб боряпти. Жамиятдаги бундай бузилишлар, айниқса, кекса ёшдагиларни ташвишга солмоқда. Улар фарзандлари, набираларининг келажагидан хавотирга тушяпти.

Наманганлик Ваҳобжон отанинг айтишича, мустақилликка эришдик деганимизда, фуқароларга қулга айланмоқда. Ҳатто уруш замонларида ҳам аёллар мардикорликка чиқмаган. Бугун эса фарзандларини боқиш, рўзғорини тебратиш учун қиз-жувонлар бузилиб кетяпти.

Наманган шаҳрида кўплаб фоҳишахоналар хуфёна фаолият олиб боради. Ана шундай фоҳишахоналарнинг бирида ишлайдиган жувон бу ерга ишсиз қолганидан, тирикчилик ўтказиш имкони йўқлигидан келиб қолганини маълум қилди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Барчиной Набиева иқтисодий қийинчиликлар аёлларни ўз фарзандларини сотишга ҳам мажбур этаётганини таъкидлади. Бундай аёллар бир боласини сотиш орқасидан топган пулига бошқа фарзандларини едириб-ичириш ниятида шундай ишга қўл урмоқда, деди Б.Набиева.

Водийда яқин-яқингача фақат йирик шаҳарлардагина мавжуд бўлган мардикор бозорлари бугун туман марказларида, ҳатто катта қишлоқларда ҳам пайдо бўлаётир. Бундай бозорларда аёлларни ҳам кўплаб учратиш мумкин. Улар корхоналарда иш йўқлигидан, иш сўраб борган жойларда катта пора сўраётганидан мардикор бозорга чиқишга мажбур бўлаётганини айтади.

Наманган вилояти маънавият ва маърифат маркази ходими Иномжон Турғуновнинг таъкидлашича, иқтисодий қийинчиликлар ўткинчи. Жамиятдаги бузилишларга эса, асосан, одамларнинг бепарволиклари сабаб бўлаётир. Хусусан, бозорлардаги қиморбозлар, ёлғон-ёшиқ билан сифатсиз молини ўтказаётган савдогарларга танбеҳ берадиган кишилар камайиб кетган.

Аммо Ваҳобжон ота бу муаммоларнинг илдизи Президент ва ҳукумат олиб бораётган сиёсатда эканини айтди.

“Президент оддий халқ билан учрашмайди. Уларнинг дардини тингламайди. Бирор жойга борса, махсус тайёрланган одамлар билан гаплашади. Илгари Президент телевизорга чиққанда, унинг гапини эшитиш учун болаларимдан жим ўтиришни талаб қилардим. Энди эса у чиқиши билан телевизорни ўчириб қўяман”, - дейди отахон.
XS
SM
MD
LG