Линклар

Мактаб кўрмайдиган лўли болалари


Басира Лўлиларни бухороликлар жўги деб атайди. Вилоятда лўлилар истиқомат қиладиган бир неча қишлоқ мавжуд. Бу этник гуруҳнинг Бухорога қачон келиб қолгани ҳақида тарихчилар ҳозиргача ягона тўхтамга келгани йўқ. Кўчада садақа сўраб юрган лўли қизчанинг исми Юлдуз. Ўзининг айтишича, у оилада ёлғиз фарзанд. Тиланчилик қилиб топган пулини касал онасига олиб бориб беради. Кунига 2 минг сўмгача пул топади.

Юлдузнинг ёши ўнда бўлса-да, мактабга бормайди. Қизча шу ёшиданоқ нос чекишни ўрганиб олган. Унинг сўзларига қараганда, кичкиналигида нос чекишни отаси ва онаси ўргатган.

Маҳаллий кузатувчиларнинг таъкидлашича, лўлилар ва бухороликлар ўртасида зиддиятлар учрамайди. Шунга қарамай, оддий фуқаролар лўлиларнинг пул сўраб, ўтган-кетганларни жон ҳолига қўймаслигини ёқтирмайди.

Бухоролик лўлилар ягона оила бўлиб яшайди. Улар қизларини жуда эрта турмушга беради. Лўли болалари мактабда таълим олмайди. Кузатувчилар бунинг сабабини улар истиқомат қиладиган ерларда мактаб йўқлиги билан изоҳлайди. Ўзбеклар ўқийдиган мактабларда эса лўли болаларини учратмайсиз. Чунки бу мактабларда лўлилар турли камситишларга учрайди, дейди кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG