Линклар

logo-print

Милиция тўғрисида қонун керак


Шайбон 28 апрель куни қирққа яқин фуқаро Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёнида норозилик акцияси ўтказди. Уларнинг бир гуруҳи ўз талаблариини изҳор этиш имконига эга бўлди, иккинчи гуруҳга эса ички ишлар ходимлари рухсат бермади. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва зиёлилардан иборат бўлган 10 кишига яқин биринчи гуруҳ 28 март куни Чорсу бозорида ўлдирилган 65 ёшли Аҳмаджон Турдиевнинг қотилини жиноий жавобгарликка тортишни, шунингдек, қамоқхоналардаги қийноқларга чек қўйилишини талаб қилди.

Пикетчиларнинг сўзларига қараганда, А.Турдиев айнан милиция ходимининг қўпол муносабати оқибатида жон таслим этганини исботловчи далиллар мавжуд. Агар ИИВ ходимлари бундай маълумотлар йиғишга қийналаётган бўлса, пикетчилар ўзларидаги далилларни уларда тақдим этиши мумкин.

Воқеа жойига етиб келган Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси терроризм ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси вакили Олег Биченов мазкур воқеа юзасидан тушунтириш берди.

“Аслида мазкур ҳодиса юзасидан кўплаб экспертиза ўтказилди. Ишонтириб айтаманки, шаҳар ички ишлар бошқармаси вакиллари воқеа жойига кетаётганда ўлим милиция ходимининг иштирокида содир этилган бўлса, унга нисбатан кескин чоралар кўришни мўлжаллаганди. Аммо, маълум бўлишича, А.Турдиев юрак хуружидан вафот этган ва унинг ўлимига милиционернинг ҳеч қандай дахли йўқ”, - деди О.Биченов.

ИИВ олдида норозилик ўтказганларнинг иккинчи гуруҳининг (30 нафарга яқин фуқаро) талаблари бевосита ички ишлар ва миллий хавфсизлик хизмати фаолиятига боғлиқ эди. Пикетчилар милиция ва миллий хавфсизлик хизмати бўйича қонунлар қабул қилинишини талаб қилди. Аммо милиция ходимларининг пўписалари остида улар вазирлик рўпарасидаги боғ ичига ўтишга мажбур бўлди.

Уларга пикет ўтказишга рухсат этилмаганига тушунтириш берар экан, О.Биченов милиционерларнинг бу ҳаракати барча маъмурий бинолар атрофида кучли хавфсизлик чоралари кўрилгани билан боғлиқлигини таъкидлади.

“Бу турдаги йиғинлардан террорчи ёки бошқа жиноятчилар устамонлик билан фойдаланишига имкон туғилиши мумкин”, - деди Тошкент ИИББ вакили.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда кўплаб пикетлар ўтказилмоқда. Бироқ пикетчиларнинг милиция ва миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида қонун қабул қилишни талаб этиши биринчи бор кузатилди.

Бу талабга ҳам О.Биченов муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, милиция тўғрисида қонун қабул қилинишидан ички ишлар ходимлари ҳам манфаатдор. Аммо, деди О.Биченов, мадомики Олий Мажлис бу борада сукут сақлаётган экан, демак бундай қонунга ҳозирча эҳтиёж йўқ.
XS
SM
MD
LG