Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:25

Маҳаллий миллатдаги насронийлар тазйиққа учрамоқда


Хабарларга қараганда, сўнгги вақтларда Қорақалпоғистонда насроний динига эътиқод қилувчи маҳаллий миллат вакилларига нисбатан тазйиқлар кўпайган. Улардан кўчиб кетишни талаб қилиш ҳолатлари учраётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Нукус шаҳрида яшовчи 33 ёшли ўзбек йигити Баҳодир Пиримбетов бир йилдирки, насроний динига эътиқод қилади. Яқинда маҳаллий амалдорлар ундан Исо Масиҳга сиғингани учун кўчиб кетишни талаб қилди.

“Уй бошқарувчилари, милиция ходимлари мендан кўчиб кетишни талаб қилишяпти. Нима қилишга ҳайронман. Кўчиб кетишга имкониятим йўқ”, - дейди Б.Пиримбетов.

Унинг айтишича, насроний динига кирган қариндошлари ҳам тазйиқ остига олинган. Улардан ҳам кўчиб кетиш талаб қилинган.

Нукус шаҳри жиноят ишлари судининг жорий йилдаги 5 апрелдаги қарорига кўра, Б.Пиримбетов ноқонуний равишда диний ташвиқот олиб боришда айбланган. Унга энг кам иш ҳақининг етти баробари миқдорида жарима солинган.

Насроний руҳонийлардан бирининг таъкидлашича, тазйиқлар фақат ўзбек, қорақалпоқ ва қозоқ миллатига мансуб шахсларга нисбатан амалга оширилаётир.

Расмий маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон бўйича фақат Нукус шаҳрида насронийларнинг “Эммануэл” деб номланган жамоати рўйхатга олинган. Бироқ маҳаллий насронийлар битта жамоат камлик қилишини айтмоқда. Уларнинг сўзларига қараганда, Қорақалпоғистондаги насронийлар сони икки мингга яқин.

Кузатувчиларнинг айтишича, ўз низоми мавжуд бўлган, қонун доирасида рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга насроний жамоатлари кўпчиликни ташкил этади. Нукус шаҳрининг ўзида 11 та шундай жамоат бор. Бироқ улар турли баҳоналар билан давлат рўйхатидан ўтказилмаётир. Шунинг учун жамоатлар аъзолари шахсий хонадонларда йиғилиб туришга мажбур бўляпти.

Хабарларга қараганда, рўйхатдан ўтмаган жамоатлар аъзоларини таъқиб қилиш ҳолатлари мавжуд. Яқинда Тахиатош шаҳрида ана шундай жамоатлардан бирининг аъзолари ҳибсга олиниб, улар устидан жиноят иши қўзғатилган.
XS
SM
MD
LG