Линклар

Фаллужа атрофидан қўшинларни олиб чиқиш масаласи


Азизулло Арол АҚШ кучлари Ироқнинг Фаллужа шаҳрида қарийб уч ҳафта олиб борган ҳарбий ҳаракатлари ниҳясига етганга ўхшамоқда. Ироқдаги кучлар вакиллари жума куни фаллужа атрофидан қўшинлар олиб чиқила бошлаганини эълон қилишди. Чоршанба куни АҚШ Президент Жорж Бушнинг таъкидлашича¸ коалиция кучлари Ироқнинг Фаллужа шаҳрида тинчлик ўрнатиш учун керакли барча чора-тадбирларни амалга ошаëтганини баëн қилган эди. Азизулло Арол Фаллужа ва Нажаф шаҳарларидаги вазиятни оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб бормоқда.

Фаллужадаги жорий вазият ҳақида гапириб берсангиз.

АҚШ ҳарбий кучлари бугун ҳам Фаллужада жанггарилар¸ деб гумон этилаëтган гуруҳларга қарши ҳужумларни давом эттирди. Кеча АҚШ ҳарбий учқичлари тақрибан бир ярим минг исëнчи яшириниб олганлиги маълум бўлган шаҳарнинг уч мавзеига лазерли ракеталар отган ва шу ҳудудларни артиллериядан ўққа тутган эди.

Кузатувчиларга кўра¸ Фаллужа шаҳрида нималар юз бераëтганига оид аниқ маълумотлар йўқ. Журналистларнинг шаҳарга кириб¸ жорий вазият ҳақида маълумот беришлари ҳамон хавфли бўлиб қолмоқда. Гувоҳларнинг айтишича¸ шаҳарда озиқ-овқат ва дори-дармонлар етмаяпти. Ҳужумлар оқибатита шаҳардаги юзлаб одамлар яраланган. Бироқ¸ АҚШ расмийлари ҳужумалар тинч аҳолини эмас¸ жанггариларни нишонга олаëтганини таъкидламоқда. Айни пайтда улар сулҳ кучда қолаëтганини айтишмоқда. Бундан икки ҳафта олдин отишмаларни тўхтатиш бўйича келишувга эришилган эди.

АҚШ армияси бригада генерали Марк Киммиттнинг айтишича¸ ҳужумларга қарамай отишмаларни тўхтатиш ўз кучида қолмоқда.

"Коалиция кучлари сулҳ давом этишини истайди. Бугун сиз кўраëтган ҳодисалар бир қатор мудофаа чораларидир. Бизга қаратиб ўқ отилса¸ биз бунга жавоб қайтарамиз. Бизга қаратилган ҳужумларни сулҳга қарамай¸ жавобсиз қолдирмаймиз. " -деди АҚШ генерали.

АҚШ ҳукумати ва жаҳон жамоатчилиги Фаллужадаги воқеаларга қандай муносабат билдирмоқда?

Президент Жорж Бушга кўра¸ АҚШ кучлари Фаллужада тартиб ўрнатиш мажбуриятини ўз зиммасига олган ва Ироқ халқи номидан шаҳарда хавфсизликни таъминлаш учун барча чора-тадбирларни амалга оширадилар. Бушнинг кечаги баëнотига қараганда¸ Фаллужада вазият яхшиланмоқда.

"Фаллужанинг аксар қисмида вазият нормаллашмоқда. Қаршилик кўрсатувчилар кўп эмас. Бизнинг ҳарбийларимиз ироқликлар билан бирга хавфсизликни тиклаш бўйича иш олиб бормоқда" - деди Буш жумладан.

Бироқ¸ БМТ Бош Котиби Кофи Аннан эса¸ АҚШ кучлари Фаллужани қамалга олишни тўхтатишлари керак¸ куч ишлатиш ироқлик исëнчилар сонини кўпайтириб юбориши мумкин¸ деб фикр билдирди.

АҚШ томонидан тайинланган Ироқ Бошқарув Кенгаши аъзоси Мўҳсин Абдул Ҳамид ҳам Фаллужада вазият яхшиланаëтганини таъкидлаб¸ Кенгаш ҳужумларни тўхтатиш масаласида воситачилик қилаëтганини айтди.

АҚШда чиқадиган "Ню-Йорк Таймс" газетасининг пайшанба кунги сонида езилишича¸ Мудофаа вазирлигининг разведка маълумотларига кўра¸ исëнчилар ҳужумлари ортида Саддам Ҳусайн ҳукуматининг махсус агентлари турибди.

Ироқнинг бошқа шаҳарларида қандай вазият ҳукм сурмақда?

Мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган Нажаф шаҳри АҚШнинг тахминан 2 ярим минг аскари томонидан қуршовга олинган. Маълумки¸ шиаларнинг муқаддас шаҳри ҳисобланмиш Нажафда радикал руҳоний Муқтадо ас-Садр яшириниб олган. Ас-Садрга кўра¸ агарда АҚШ кучлари Нажафга кирадиган бўлса¸ улар худкуш бомбачилар ҳужумига дуч келиши мумкин.

Айни пайтда Бағдод шимолидаги Маҳмудия шаҳрида машина портлаши оқибатида АҚШ ҳарбийларидан 8 киши ҳалок бўлган. Пойтахт ўзида яна икки америкалик портлаш оқибатида нобуд бўлган. Умуман апрел давомида Ироқда 126 америка аскари ҳалок бўлгани маълум қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG