Линклар

Демократия учун сарфланган маблағлар самара бермайди ..ми?


Феруза Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда маҳалла ҳаракатини сармоялаш дастури АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) томонидан молиялаштирилиши белгиланган.

Маълум бўлишича, ЮСАИД ушбу дастурни уч йил давомида маблағ билан таъминлайди. Айни дастур Ўзбекистондаги 72 маҳаллада демократик ривожланиш тизимларини яратиш, маҳалла фуқароларига хизмат қиладиган маҳаллий инфратузилмани яхшилаш ва янги иш ўринларини ташкил этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

“Маҳалла” жамғармаси вакили Қодиржон Тиллабековнинг таъкидлашича, жамғарма низомига кўра, ҳомий ташкилотлардан келиб тушган маблағлар, аввало, аҳолининг кам таъминланган қисмини қўллаб-қувватлашга сарфланади. Шунингдек, маҳаллалардаги турли хайрия тадбирларига харажат қилинади. Бундан ташқари, маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади.

“Озодлик” мухбири маҳаллаларни демократлаштириш ҳақида маҳалла оқсоқолларининг қандай тушунчага эгалиги билан ҳам қизиқиб кўрди. Бу ҳақдаги саволларга оқсоқолларнинг аксарияти жавоб беришни истамади. Ўз фикрини изҳор этганлари ҳам кўпчилик фуқаролар, хусусан, оқсоқоллар ҳам айни тушунчанинг мағзини чақа олмаслигини маълум қилди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Искандар Худойбергановнинг таъкидлашича, маҳалла ўзбекларда азалдан мавжуд бўлган демократик ташкилот эди.

“Аммо мустақиллик йилларида ана шу мукаммал демократик бошқарув тизими буткул вайрон бўлди. Маҳаллада бир вақтлар ҳамма тенг ҳуқуқли эди. Энди эса барча масалаларни маҳалла қўмитаси ҳал қилади. Бу қўмита аъзолари ҳокимият томонидан тайинланган шахслардир”, деди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

И.Худоберганов Ўзбекистонда маҳаллани демократлаштириш дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар аҳолининг сўз ва ҳуқуқ эркинлигини ривожлантириш ёки кафолатлаш учун сарф этилмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, фуқаролар ўз муаммолари юзасидан матбуот орқали чиқиш қилишига имкон яратилсагина демократик жараён ўз ўрнидан силжийди. Бироқ ҳокимиятнинг бу жараённинг олға силжишига қаршилиги сарфланган маблағлар самара бермаслигига олиб келади.
XS
SM
MD
LG