Линклар

logo-print

Ислом Каримов баъзан ЕБРРни тушунмай қолмоқда


Шайбон 29 апрель куни Тошкентда Ўзбекистон Олий Мажлисининг навбатдаги сессияси очилди. Унда мамлакат Президенти Ислом Каримов сўзга чиқиб, март ойи охири ва апрель ойи бошида бўлиб ўтган воқеалар юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирди.

И.Каримов ўз маърузасида мазкур портлашлар ташкилотчиларини умумий сўзлар билан қоралашдан кўра уларга қарши ғоявий кураш бошлашга чақирди. У, шунингдек, бу мавзуда хорижий ОАВ ва давлатлар вакиллари томонидан билдирилаётган фикрлар юзасидан ҳам мулоҳаза билдирди.

“Бу ҳақда гапираётган айримлар баъзи ақлга сиғмайдиган фикрларни ҳам тарқатаётир. Улар содир бўлган мудҳиш воқеалардан фойдаланиб, амалдаги ҳокимият халқига нисбатан репрессиялар ўтказади, деб айтмоқда. Бироқ бу уйдирмадан бошқа нарса эмас. Биз ҳеч қачон бундай қилмаганмиз, қилмаймиз ҳам. Мана шу юксак минбардан туриб, халқимизга, миллатимизда мурожаат қилмоқчиман. Кимки ўз қилган хатоларидан, қилмишларидан воз кечса, халқи олдида, эл-юрти олдида кечирим сўраса ва маҳалла кафолат берса, Президент сифатида ваъда бераман, уларни кечирамиз,” деди Ислом Каримов.

Танаффус чоғида Ислом Каримов хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказди. У Очиқ жамият интститути – Кўмак жамғармасининг (Сорос жамғармаси) Ўзбекистонда қайта рўйхатдан ўтказилмагани сабабларига тўхталди. Президентнинг таъкидлашича, бу ташкилот Ўзбекистонда маҳаллий қонунларга зид фаолият олиб борган.

“Бу ташкилотнинг асосий мақсади ўзбек интеллегенцияси орасида энг кўзга кўринган шахсларни танлаб олиш бўлган. Токи кейинчалик бу шахслар уларни қўллаб турсин. Конституциявий тузумга қарши чиқишлари учун уларни чалғитиб борган. Бунинг учун мақсадли сафарлар уюштирилган, мақсадли ўқув машғулотлари ўтказилган. Гарчи боғлиқлик томонлари бор дейиш мумкин бўлса-да, мен буни Грузия воқеалари ёхуд бошқа воқеалар билан боғлаш ниятим йўқ”, деди Ўзбекистон раҳбари.

Ислом Каримовнинг таъкидлашича, мамлакатда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар ўзининг мустақил платформасига, бошқа партиядан ажралиб турувчи хусусиятларига эгалик жиҳатдан жуда заифдир.

Президент Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида содир бўлган воқеалар бўйича ўтказиладиган суд жараёни очиқ бўлиши лозимлигига урғу берди. Унинг сўзлаирга қараганда, суд жараёнида барча, хусусан, хорижий журналистлар иштирок этишига имконият яратиб берилиши керак. Бу кейинчалик асосланмаган, мантиқсиз маълумотлар тарқатилиши олдини олади.

“Тергов жараёнининг боришини кузатиб шуни айтишим мумкинки, суд жорий йилнинг август-сентябр ойларида бўлиб ўтади”, - деди давлат бошлиғи.

Президентнинг қўшимча қилишича, терговда қўлга киритилган аниқ маълумотларга қараганда, эҳтимолий террорчилар Покистон ва Афғонистоннинг чегара ҳудудидаги Вазиристон вилоятида жанговар амалиёт ўтаган.

Президент портлаш иштирокчиларининг бу ерга қандай боргани ҳақида ҳозирча овоза қилмасликни лозим топди. Бундан ташқари, Ислом Каримов Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар ўтказилмаётгани ҳақида мулоҳаза билдираётган давлатлар ва дипломатик корпус вакиларига ҳам айрим эътирозларини билдирди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки чиқишлари ҳақида Президент бундай фикр билдирди:

“Европа банки ўзига ниҳоятда бино қўйиб юборди. Баъзан тушунмай қоласан, Европа банки ўзининг иқтисодий-молиявий манфаатларига эга банкми ёки инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган ташкилотми?”
XS
SM
MD
LG