Линклар

Адвокат “Центразия.ру” сайтини судга беришга даъват этади


Тўлқин Ўзбекистонлик адвокат Бахтиёр Шоҳназаров “Центразия.ру” сайтини унда чоп этилган баъзи мулоҳазалар учун судга беришга даъват этди. Адвокатнинг фикрича, мазкур сайтда айрим шахсларнинг халқлар ўртасида адоқат қўзғашга қаратилган мулоҳазалари эълон қилинмоқда.

2003 йил 24 февралда “Центразия.ру”да ўзини ўзбек атаган Тимур Асқаров имзоси билан “Ўзбек олтин аскари. Навбатдагиси ким? Балки ўзбек халқ эпоси “Манасдир?” сарлавҳали мақола чоп этилди. Б.Шоҳназаров ушбу мақолага ёзган раддиясида шундай мулоҳаза билдиради:

“Сарлавҳанинг ўзиёқ мақола қўпорувчилик руҳида эканлигини билдириб турибди. Муаллифнинг ёзишича, АҚШда Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимиз ҳақидаги компакт диск тарқатилмоқда. Компакт дискнинг “Қадимги тарих” бўлимида олтиндан ишланган аскар ҳайкалчасининг расми жой олган бўлиб, расм остига “5 аср. Олтин. Иссиқ”, деб ёзилган. Т.Асқаровнинг хафа бўлишича, ҳайкалча аслида қўшни Қозоғистоннинг Алмати вилоятида топилгани ҳақида бирон-бир сўз ёзилмабди. Ана шундан келиб чиқиб, ўзини ўзбек миллатига мансуб қилиб кўрсатган муаллифнинг ўзбекларга ҳужуми бошланади. Эмишки, палов аслида қўшни халқнинг таоми бўлган ҳолда биз уни ўзлаштириб олиб, ўзбек миллий таомларининг гултожига айлантирибмиз. Манти ҳам вақти-соати келиб, “фақат” бизники бўлармиш. Овқатни қўятуринг, Бобур, Форобий каби қабимги шоиру алломалар ҳам ўзбекларга тегишли эканлигини тасдиқлашдан тоймас эмишмиз”.

Аммо, Б.Шоҳназаровнинг эътирофича, “Центразия.ру” сайтини судга бериш даъвати билан чиқишига сабаб фақат бу мақола эмас, балки мазкур сайтнинг ўқувчилар иштирок этадиган форум бўлимида турли адоват қўзғатувчи сўзлар ёзилаётгани ва бу сўзлар сайт маъмурияти томонидан ўчириб ташланмаётганидир. Адвокатнинг таъкидлашича, форумдаги бундай мулоҳазалар бир гуруҳ шахслар томонидан атай уюштирилмоқда. Бу мулоҳазалар Марказий Осиёнинг бешта туб халқи ўртасида адоват ва душманлик уруғини сочишга қаратилган.

Б.Шоҳназаровнинг фикрича, Т.Асқаров имзоси билан чоп этилган мақола ва форумдаги кўпгина мулоҳазалар миллат сифатида ўзбекларни камситиш мақсадида ёзилган.

Адвокатнинг “Трибюн.уз” сайтида чоп этилган раддиясида шундай сўзлар бор:

“Фурсатдан фойдаланиб, мен тегишли давлат органларини Тимур Асқаровнинг юқоридаги мақоласи юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 150 (урушни тарғиб қилиш) ва 156-моддалари (миллий, ирқий ва диний адоват қўзғатиш) асосида жиноят иши қўзғатишга даъват қиламан. Мамлакатимиз Интерполга аъзо бўлган. Россия Федерациясида рўйхатга олинган “Центразия.ру” сайти маъмуриятини тегишли тартибда жалб қилган ҳолда нафақат мақола муаллифини, балки ўзларининг фашистик кўринишдаги фикрларини “Центразия.ру”да эълон қилган ўқувчиларни қидириб топиш ва жиноий жавобгарликка тортиш лозим, деб ҳисоблайман”.

Б.Шоҳназаров сайт маъмурияти бу каби ҳолатларни назорат қилиш масъулиятини зиммасига олган ҳолда вазифасини бажармаётгани боис жиноий жавобгарликка тортилиши зарурлигини билдирди. Унинг айтишича, сайт маъмурияти форумда ҳақоратлаш ва адоват қўзғовчи мулоҳазалар ўчириб ташланиши ҳақида ўқувчиларни огоҳлантиради. Лекин бундай сўзларни ўчириб ташламайди, яъни мажбуриятини бажармайди. Бунинг устига, жинояткора фикрлар билдирилишига хизмат қиляпти.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, Т.Асқаров имзоси билан чоп этилган мақолада ўзбек халқи ошкора ҳақоратланган ва бундай мазмундаги мақоланинг чиқишига сайт маъмурияти ва журналистларининг ҳиссаси бор. ОАВда иштирок этаётган шахс ким бўлишидан қатъи назар халқни ҳақоратлашга, туҳмат тоши отишга ҳаққи йўқ.

А.Аннаевнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда “Центразия.ру”га муқобил бўлган, Марказий Осиё ҳақида холис маълумотлар тўпланган тезкор оммавий ахборот воситаси бўлмагани сабабли кўпчилик шу сайтдан фойдаланади. Бу каби фитналарнинг олдини олиш учун Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва муқобил Интернет нашрларининг ташкил этилишига йўл очиб берилиши керак.
XS
SM
MD
LG