Линклар

logo-print

Боғ қурилиши акция сотилиши ҳисобига олиб борилмоқда


Басира Бухорода болалар истироҳат боғи бунёд этилмоқда. Маълумотларга кўра, ушбу дам олиш маскани қурилиши шу мақсадда чиқарилган қимматбаҳо қоғозларни сотишдан тушадиган маблағ ҳисобига амалга оширилади.

Хабарларга кўра, боғ қурилиши учун бир ярим миллиард сўмлик акция чиқарилган бўлиб, ҳар бир қимматбаҳо қоғознинг номинал қиймати 10 минг сўмни ташкил этади.

“Спорт ва соғломлаштириш” очиқ акциядорлик жамияти ижрочи директори Улуғбек Ҳамидовнинг маълум қилишича, акциялар жорий йилнинг март ойида сотувга чиқарилган. Ҳозирги кунга келиб акцияларнинг 20 фоизи сотиб бўлинган.

У.Ҳамидовнинг айтишича, боғ ишга тушгандан сўнг сотиб олинган акциялар эгалари яхшигина дивидент олиш имконига эга бўлади. Чунки боғдаги аттракционлар, маиший хизмат шахобчаларидан тушадиган даромад, албатта, акциядорларга ҳам катта фойда келтиради.

Маълумотларга қараганда, вилоятдаги энг йирик корхоналардан бири – “Бухородон” акциядорлик жамияти 1,5 миллион сўмлик қимматли қоғозларни сотиб олган.

Бухороликлар истироҳат боғи фойдаланишга туширилишини орзиқиб кутмоқда. Чунки шаҳарда шу вақтгача болалар учун бирорта замонавий дам олиш маскани йўқ.

Бухородаги мазкур истироҳат боғини 1 июнь – Болаларни ҳимоя қилиш халқаро кунида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG