Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:29

Европанинг тарихий бўлиниши барҳам топмоқда, бироқ янги муаммолар эшик қоқмоқда.


1 май куни Европа Иттифоқига янги аъзолар қабул қилинмоқда. Шу муносабат билан Ирландия пойтахти Дублинда тантанали маросим ўтказилади ва Европа Иттифоқига 10та янги аъзо расман қабул қилинади. Бу билан Иттифоққа аъзо давлатлар сони 25тага етади. Асосан Шарқий Европа давлатларининг Европа Иттифоқига қўшилиши кўп йиллар давомида олиб борилган ҳаракатлар мевасидир.

Дублин шаҳри Европа Иттифоқига янги аъзолар расман қабул қилинадиган саммит тантаналарга мезбонлик қилишга тайёр. Шаҳар кўчаларида Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар байроқлари хилпирамоқда. Қисқа қилиб айтганда Ирландия пойтахти байрамона руҳда.

Шанба куни Чех республикаси, Эстония, Қибриснинг юнонлар яшайдиган қисми, Латвия, Литва, Венгрия, Малта, Полша, Словения ва Словакия Европа Иттифоқига расман қабул қилинади. Шу билан уруш ва мафкуравий кураш оқибатида юзага келган бўлиниш барҳам топади.
Европа Иттифоқига 10 давлат ва унда яшовчи 75 миллион аҳоли қўшилиши натижасида Иттифоқ ҳудудларида яшовчи аҳоли сони 450 миллион одамга етади.

Римдаги Америка Университети сиёсий фанлар профессори Жеймс Уолтсон Озодлик радиосига шундай деди:

“Бу Европа Иттифоқининг энг катта кенгайишидир. Албатта, бу тарихий воқеа, чунки бу совуқ уруш даври тугаганини англатади. Бу Европада катта ўзгаришлар бўлаётганидан дарак беради”, - дейди италиялик олим.

Британия Ташқи Ишлар вазири Жэк Строу Европа Иттифоқи кенгайишини ижобий ходиса сифатида баҳолади:

“Очиғини айтсам, шахсан мен, ҳеч қачон кўраман, деб ўйламаган воқеалар гувоҳи бўляпмиз. Мен умумий қадриятларга асосланган, ҳамкорликда ишлаётган Европанинг кучли давлатлари бирлашганини назарда тутяпман”, - деди Жэк Строу.

Аммо Иттифоқ кенгайиши унчалик беғубор жараён эмас. Бу жараён ортида қатор муаммолар ҳам юзага чиқиши мумкин.
Сиёсатчи Уолтсон Европа Иттифоқи кенгайиши мураккаб даврга тўғри келганини айтади:

“Бир томондан, Иттифоқ кенгайиши Европанинг маданий, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан бирлашганини англатади. Бироқ, бошқа томондан бу кўплаб мураккаб саволлар юзага чиқиши ва сиёсий фаолиятлар кучайишидан дарак беради”, - дейди италиялик сиёсатшунос олим.

Европа Иттифоқи иқтисодий соҳада катта муваффақиятларга эришди. Бироқ кенгайиши жараёни ташкилот сиёсий жиҳатдан ўз йўналишини йўқотган бир пайтга тўғри келмоқда.

Сўров натижалари Европа Иттифоқи нуфузи одамлар орасида пасаяётганини кўрсатган. Иттифоққа қўшилаётган давлатлар биринчи галда иқтисодий манфаатни кўзлаётган бўлсалар-да, улар ўз суверенликларини йўқотишлари мумкинлигидан шикоят қилмоқдалар.

Айни пайтда, Иттифоқнинг эски аъзолари уларнинг мамлакатларига янги аъзо давлатлардан арзон ишчи кучи оқиб келишидан ташвишланиб, ишчи иммигрантлар учун вақтинчалик чекловлар жорий қилдилар.

Ташкилот самарали ишлаши учун зарур бўлган Европа Иттифоқининг янги конституциясини тасдиқлаш жараёни ҳам оғир кечмоқда. Ироқ уруши борасида Европа Иттифоқи аъзолари ўртасида бўлиниш юзага келгани ташқи масалаларда муштарак сиёсат олиб бориш умидига жиддий зарба бўлди.

Кўтаринки кайфиятларга қарамай, янги аъзо давлатларнинг Иттифоққа қанчалик тез ва уйғун қўшила олиши масаласи долзарб масала бўлиб турибди. Агар бу жараён амалга ошмаса, у ҳолда Европа Иттифоқи халқаро саҳнадаги сиёсий кучдан кўра, унга аъзо давлатлар учун фойдали бўлган эркин савдо зонасига айланиши мумкин.

Шуни айтиш лозимки, бу Европа Иттифоқи учун охирги кенгайиш эмас. Болгария, Руминия ва Туркия ҳам Иттифоққа аъзо бўлишга даъвогарлик қилмоқда. Кузатувчилар Болгария ва Руминия келгуси бир неча йил давомида Европа Иттифоқига қушилиши мумкинлигини, бироқ Туркиянинг ташкилотга қабул қилиниши мунозарали масала бўлиб қолади, деган фикр билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG