Линклар

Пикетчилар сўз эркинлиги таъминланишини талаб қилди


Тўлқин 29 апрель куни Ўзтелерадиокомпания биноси олдида бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва фуқаролар норозилик акцияси ўтказди. Мазкур тадбир Олий Мажлиснинг шу куни бошланган навбатдаги сессияси ва 3 май – Жаҳон сўз эркинлиги куни мунасабати билан ташкил этилди.

Акцияда “Эрк” демократик партияси, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган бир неча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари ва оддий фуқаролар иштирок этди.

Акция иштирокчиси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева ўз талабини қуйидагича изҳор этди:

“Биз Жаҳон сўз эркинлиги куни арафасида Ўзбекистон телевидениесида митинглар, пикетлар очиқчасига кўрсатилишини, мамлакатдаги бугунги ҳақиқий вазият қандайлиги ҳақида ижтимоий фикр шаклланиши учун халқ овози жамоатчиликка очиқчасига етказилишини талаб қиламиз. Очиғини гапириш керакки, ҳозир мусулмонларни таъқиб этиш, қашшоқ турмуш тарзи, очлик кабилар орқали ўзбек миллатини йўқотиш жараёни кечмоқда. Телевидение халққа хизмат қилиши, мавжуд вазиятни ҳаққоний кўрсатиши ва ҳаққоний ахборот тарқатиши керак”.

Норозилик акцияси иштирокчилари, шунингдек, Чорсу бозорида ўлдирилган Аҳмаджон Турдиевнинг қотили устидан жиноят иши қўзғатишни ҳам талаб қилди.

Пикет қатнашчилари ўзларининг у чиқишлари Олий Мажлитс сессиясида айтиладиган баландпарвоз сўзларга муқобил бўлувчи рамз эканини таъкидлади.

“Норозилик ўтказишнинг ҳукумат йўл қўйган бирдан-бир усули пикет бўлиб қолди. Чунки қонунчиликда пикет ўтказишни тақиқлаш негадир кўрсатилмай қолган. Мазкур сессияда пикетни ҳам тақиқлашга қаратилган бирор ҳужжат ишлаб чиқилишидан хавотирдаман”, - деди “Эрк” партияси вакили Аъзам Турғунов.
XS
SM
MD
LG