Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:43

“Аср гўзали” бўлмиш қорақалпоқ қизи милицияда ишлайди


Тўрт йилдирки, Айнур Дармонқулова Қорақалпоғистонда ўтадиган гўзаллик танлови ғолиблигини қўлдан бермай келади. Милицияда ишлайдиган бу гўзал қиз ёшлар ўртасида жиноятчилик ижтимоий-иқтисодий муаммолар туфайли юзага келишини таъкидлайди.

Нукуслик 23 ёшли А.Дармонқулова Қорақалпоғистонда ўтказиладиган “Аср гўзали” гўзаллик танловида 2000 йилдан буён иштирок этади ва ҳар йили ғолиб бўлади. У ўрта мактабни битиргач, Нукус давлат педагогика институтининг мусиқа факультетида ўқиган. Талабалик даврида “Тўмарис” раққосалар ансамблига қатнашиш билан бирга “Турон” театр студиясининг ҳам аъзоси эди. Айнур ўқиш даврида Бердақ номидаги мусиқали драма театрида актрисалик ҳам қиларди.

Бу ерда у Сафар Хўжаниёзовнинг “Суймаганга суйкалма” мусиқали спектаклида бош қаҳрамон – Ойсанам образини яратди. Шундан кейин актрисани кинога ҳам таклиф қилишди. Айнур “Танка” фильмида Ойжамол ролини ижро этди. Бу фильм талабаларга имтиҳонлардан ўтишда ёрдам берадиган танишлари, яъни “танка”лари ҳақидадир.

Айнур ҳаётда бирор юмушни битириш учун “танка” керак, деб ҳисоблайди.

Бугунги кунда А.Дармонқулова Нукус шаҳри ички ишлар бўлимининг вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими инспектори лавозимида ишламоқда. Унинг таъкидлашича, вояга етмаганлар орасида жиноятчилик кўпайишига асосий сабаб иқтисодий етишмовчиликдир. Бундай етишмовчилик натижасида ўсмирлар таксикоманияга берилмоқда, ўғирликка қўл урмоқда.

“Биз ўз фаолиятимиз билан уларни ёмон йўлга кириб кетишдан асраб қолишга ҳаракат қиляпмиз”, - дейди қорақалпоқ гўзали.
XS
SM
MD
LG