Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:32

Муаллифлик ҳуқуқи бузилиши – кундалик ҳодиса


Феруза Ўзбек тўйларида ҳали санъаткор сифатида танилмаган хонанда машҳур ҳофизу эстрада юлдузларининг қўшиқларни бемалол ижро этаётгани, машҳур қўшиқлар фонограммасидан фойдаланаётганига гувоҳ бўласиз. Хўш, Ўзбекистонда бастакор ва қўшиқчиларнинг муаллифлик ҳуқуқи қандай ҳимояланади?

Бастакор Анор Назаровнинг таъкидлашича, у бир қўшиққа мусиқа басталагани учун 12 минг сўм ҳақ олади. Унинг ҳам 7-8 мингги қўлига тегади. Радио ва телевидениеда ижро этилган қўшиқлар учун эса уларга қўшимча ҳақ тўланмайди. Ижодкорларнинг ўз муаллифлик ҳуқуқини талаб қилиши учун адвокат ёллашга қурби етмайди.

Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги ҳуқуқшуноси Алишер Ҳафизовнинг айтишича, мамлакатда муаллифлар ўз ҳуқуқини судга мурожаат қилибгина ҳимоя қилиш мумкин. Муаллифлик ҳуқуқига эга бўлиши учун у қаерларгадир бориб, рўйхатдан ўтиши шарт эмас. Қонунга кўра, муаллиф асар яратиши билан унинг эгалиги ҳуқуқини қўлга киритади. Хонандалар эса шеър ва мусиқа муаллифлари билан шартнома имзолаши ва бу ижродан келадиган маблағнинг маълум фоизини муаллифларга тўлаб бориши керак.

А.Ҳафизовнинг эътирофича, муаллифлар ўз ҳуқуқларини билмайди. Улар ўз шеър ва мусиқалари учун арзимаган миқдорда маблағ талаб қилади. Ҳолбуки, жаҳон тажрибаси ҳар бир ижро учун муаллифларга маълум миқдорда ҳақ тўлаб борилиши лозимлигини кўрсатади.

Ҳуқуқшуноснинг таъкидлашича, ижрочилар, яъни хонандаларнинг аҳволи ҳам шеър ва мусиқа муаллифлариникидан қолишмайди. Уларнинг қўшиқларидан асосий фойдани овоз ёзиш студиялари олиб қолади. Чунки студиялар хонандаларнинг компакт дискларини ўзбилармонлик билан бир неча марта қайта кўчиради ва сотувга чиқаради.

А.Ҳафизов Ўзбекистонда машҳур бастакор ва хонандаларинг ўз адвокатлари борлиги, бироқ улар бармоқ билан санарли эканини айтди. Унинг билдиришича, муаллиф асарларидан унинг рухсатисиз фойдаланганлик учун Ўзбекистон қонунчилигида уч ойгача қамоқ жазоси ва турли миқдордаги жарималар белгиланган.

Айрим муаллифларнинг айтишича, Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи бузилиши кундалик ҳодисага айланган. Бундай ҳуқуқни ҳимоя қилиш эса узоқ ва чигал жараён. Бунинг устига, муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунлар мукаммал ишланмаган. Соҳани билувчи яхши мутахассислар ҳам камёб.
XS
SM
MD
LG