Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:42

Амал неча пул бўлди?


"Ёғли жой". Бу иборани суяги совет даврида қотган ҳар бир киши жуда яхши тушунади. Ёғли жой - белгилаб қўйилган маошдан ташқари ўша маошдан икки-уч, ўн-ўн беш, баъзан эса, ҳатто юз баравар кўп қўшимча мўмай даромад топиладиган жойдир.

Мўмай даромад эса, кўпроқ пул тарзида, баъзан тилла тақинчоқ, гилам, бедана гўшти, қиммат коньяк, машина ва ҳоказолар кўринишида бўлиши мумкин. Айтилганларнинг ҳаммаси ҳуқуқшуносликда "пора", деб аталади. Ўзаро муносабатларда пора ҳал қилувчи омилга айланган жамиятлар коррупцияга ботган давлатлар ҳисобланади.

"Transparency International" ташкилотининг яқинда эълон қилган ҳисоботига кўра, коррупциялашган давлатлар рўйхатидан Қирғизистон 118 ўринни эгаллаган. (Биринчи ўринда коррупция даражаси энг паст бўлган мамлакат туради) Қирғизистоннинг жуғрофий қўшнилари "коррупция рўйхати"да ҳам унга қўшнидир.

Демак, Қирғизистонда "ёғли жой"ларнинг нархи баланд. Бундай жойни эса, текинга бермайдилар. Хўш, нархи неча пул ўшандай жойнинг?

Қирғизистон Республикаси парламенти – Жўғўрқу Кенеш Қонун Чиқарувчилар палатаси депутати Адахан Мадумаровнинг айтишича:

"Қирғизистонда энг сердаромад бизнес - кадр сиёсати бўлиб қолди. Бировни лавозимга кўтариш ҳам, хизматдан бўшатиш ҳам катта пул туради. Марҳум Бош Вазир Жумабек Ибраимовнинг ўзи бир идора раҳбарлигига тайинланиш учун Оқ Уйга (Қирғизистон Президенти маъмурияти ва мамлакат ҳукумати жойлашган бино) 50 минг доллар олиб келар экан, деб айтган эди. Бу гапни мен ўзим ўйлаб топганим йўқ, бу гапни ҳукуматнинг собиқ раиси айтган эди. Бу бир неча йил аввалги нарх. Ундан бери лавозимлар нархи ўн баравар қимматлади".

Депутат Адахан Мадумаров бу гапни мамлакат парламентининг куни кеча бўлиб ўтган мажлисида айтди. Шу куни депутатлар мамлакат Президенти маъмурияти бошлиғи Тўйчибек Қосимов ва Бош Вазир Николай Танаевларни ўз ҳузурларига чақириб, улардан коррупцияга қарши кўраётган чоралари тўғрисида ҳисобот талаб қилдилар.

Агар депутат Адахан Мадумаров эшиги оғир, поли паркет хоналар нархи тўғрисида сўзлаган бўлса, депутат Алимбай Султанов милиция ходими погони неча пул туриши тўғрисида гапирди:

"Милициянинг оддий ходими сифатида ишга олиш учун 100 доллардан 500 долларгача, бозорларга ишга қўйиш учун эса, 300 доллардан 700 долларгача пора олишади. Чунки, бозор ёғли жойда. Давлат автомобил назоратининг оддий ходимлигига жойлашиш учун эса, 1000 доллардан 3000 долларгача бериш керак. Бермаса, ишга киролмайди".

Бу гапларни ҳамда коррупция билан боғлиқ бошқа фактларни боя айтганимиздай, парламент мажлисига чақирилган Президент маъмурияти бошлиғи ҳамда Ҳукумат раиси тингладилар. Бироқ, иккала расмий ҳам, депутатларга жавобан лом-мим демадилар, деб хабар қилди Озодликнинг Бишкекдаги мухбири.
XS
SM
MD
LG