Линклар

Камикадзенинг танаси… деярли бус-бутун эди


Ҳакимбек Март ойи охирларида Тошкентнинг Чорсу бозоридаги портлашларни амалга оширганлар аёллар экани таъкидланганди. Сўнгги маълумотларга кўра, камикадзелардан бири тошкентлик 19 ёшли Дилноза Холмуродовадир. Маълум бўлишича, Дилноза Тошкент технология коллежининг компьютер дастурлаш бўлимини тамомлаган. Ички ишлар академиясига ўқишга кириш учун имтиҳонлар топширган, лекин етарли балл тўплай олмагани сабабли заҳирадан ўрин олган. Инглиз, араб тилларида гапира олган. Спортга, машина ҳайдашга қизиққан. Бир сўз билан айтганда, Тошкентнинг энг европалашган қисмларидан бири бўлмиш Дархон мавзесида улғайган Дилноза замонавий ёшлардан эди.

Дилнозанинг онаси Зуҳра опа сўзларига қараганда, қизи коллежда талабалик йилларида жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этган. Тил ўрганиш, спорт ва мусиқага қизиққан.

Зуҳра опанинг айтишича, Дилноза 2002 йил ёзидан бошлаб араб тилини ўргана бошлаган. Бироқ қизида динга бўлган ўта қизиқувчанликни сезган она 2003 йилга келиб унинг дарсга қатнашишига чек қўяди. Бироқ бу вақт мобайнида ва ундан кейин Дилнозанинг табиатида катта ўзгаришлар юз беради. У бир вақтлар ўзи ёқтирган ишлардан ҳам тийила бошлайди. Ҳатто энг сўнгги Ғарб мусиқаларини ҳам ёқтирадиган Дилноза мусиқа тингламай қўйган. Тўйларга энг сўнгги модада кийиниб борадиган қиз диний кийимлар кийишга ўтган.

Зуҳра опанинг таъкидашича, опаларига нисбатан ғайратлироқ бўлган Дилноза диний билимлари билан кичик опаси Шаҳнозага ҳам таъсир ўтказа бошлаган. 2004 йил 17 январда Шаҳноза ва Дилноза йўқолиб қолган. Орадан икки ой ўтиб, мартнинг сўнгги кунларида Зуҳра опа Чорсудаги портлашлардан бирини Дилноза амалга оширгани ҳақидаги хабарни олади. Шаҳнозанинг тақдири эса ҳалигача маълум эмас.

Зуҳра опа Дилнозанинг бу портлашларга алоқаси борлигига ишонмаслигини айтади. У қизининг мурдаси акс этган суратни тасвирлаб беради:

“(Дилнозанинг) танаси бус-бутун эди. Фақат ўнг биқинида устки куйиш белгиси, қорайиш бор эди. Қолган жойлари ҳатто тирналмаганди. Портлаганга ҳеч ҳам ўхшамасди”.

Ўзбекистонда турли диний оқимларга кириб қолаётганларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этаётганини кузатиш мумкин. Мамлакатда содир этилган сўнгги портлашларнинг аксарият иштирокчилари ҳам ёшлар экани айтилмоқда.

Тошкент шаҳридаги маҳаллалардан бирининг оқсоқоли бу ҳолатни ёшлар орасидаги ишсизлик билан боғлайди. Унинг айтишича, агар завод ва корхоналарда иш топилганида ёшлар бундай оқимларга қўшилиб кетмасди.

Оқсоқолнинг гапларида жон бор, албатта. Бироқ камикадзелик қилгани айтилаётган Дилноза Холмуродованинг оиласини ҳар томонлама ўзига тўқ дейиш мумкин. Хўш, унда қандай қилиб кишини ўзини ўзи ихтиёрий равишда ўлдириш даражасигача олиб бориш мумкин?

Психолог Феруза Акрамованинг таъкидлашича, камикадзеларга кучли руҳий таъсир ўтказилган. Онгига кўрсатилган таъсир оқибатида улар ҳаёт қадриятидан воз кечган.

“Иқбол” ёшлар маркази раҳбари Нигора Ғаффорова гарчи мамлакат матбуотида қўпорувчиликлар ҳақида кўп ёзилаётган бўлса-да, бу воқеаларнинг асл моҳияти ва туб илдизлари очиб берилмаётганини қайд этди. Унинг фикрича, ёшларнинг турли экстремистик оқимларга киргани аниқланган тақдирда уларни дарҳол қамаш шарт эмас. Балки уларнинг тўғри йўлни топиб олишига ёрдам кўрсатиш керак. Бунинг учун турли ўқувлар, тренинглар ўтказиш, уларнинг ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишига кўмаклашиш лозим.
XS
SM
MD
LG