Линклар

Даъвогарлар суд ҳукмидан норози


Фирдавс Қашқадарё вилоятининг Бешкент шаҳарчасида ўз уйида ўлдириб кетилган Саломат Муқимова ва унинг ўғли Саъдулла Ҳасанов иши бўйича бўлиб ўтган суд жараёни 28 апрель куни ниҳоясига етди. 2003 йилда Қашқадарёда ўқ отар қуролдан фойдаланиб одам ўлдириш билан боғлиқ бир неча жиноят юз берган эди. Маҳаллий кузатувчилар бу қотилликларнинг аксарияти буюртма асосида содир этилганини таъкидлайди.

Ўтган йилнинг 14 август куни тунда ўз уйида ўлдирилган С.Муқимова ва унинг ўғли С.Ҳасанов ҳам шундай қотиллик қурбони бўлган эди. Мазкур жиноятни содир этишда гумон қилиниб етти киши ҳибсга олинганди.

Хабарларга кўра, гумон қилинувчилар устидан суд жараёни ўтган йилнинг декабрь ойида бошланганди. 28 апрель куни Қашқадарё вилояти жиноят ишлари судида айбланувчиларга ҳукм ўқилди. Ҳукмда судланувчиларга босқинчилик, ўғирлик, қасддан одам ўлдириш айблари қўйилган. Қотилликнинг асосий ташкилотчиси деб топилган Музаффар Бузруков ўлим жазосига ҳукм қилинди. Абдулла Турсунов ва Ғофур Очилов 16 йилга, Собир Маҳмудов, Шуҳрат Мусаев ва Тоҳир Саидов 14 йилга, Шерали Наинов эса 12 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу жиноят иши буюртма қотиллик эмас, ўғирлик сифатида тасниф этилди. Аммо жабрланувчилар ва мустақил кузатувчилар бундай таснифдан норози бўлмоқда.

С.Муқимованинг келини Муҳайё Рўзиева 14 август куни юз берган қотилликни хотирлашича, жиноятчилар ўғирликка тушмаган. Улар С.Муқимованинг қандайдир қоғозларини излаб келган.

Маълумотларга кўра, она-болани ўлдиришдан мақсад ўғирлик эмаслигини жиноятчиларнинг ўзлари ҳам тергов давомида тан олган. Бироқ бу ҳолатга ҳеч ким эътибор бермаган. Айбланувчилар М.Бузруков ўзларига қотилликка буюртма берганини маълум қилган. Аммо биринчи терговдаги бу ҳақдаги кўрсатма йўқ қилинган.

Даъвогарлар қотилликнинг ҳақиқий ташкилотчиси аниқланмагани, асосий айбдорлар жазосиз қолаётганини таъкидламоқда. Уларнинг айтишича, суд ҳукми билан жазо олганларнинг ҳаммаси ҳам айбдор эмас.

14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Собир Маҳмудовнинг адвокати Эшмамат Тошқулов сўзларига қараганда, суд жараёнида айбланувчи А.Турсуновнинг кўрсатмаси асосида унинг ҳимоясида бўлган шахснинг айбдорлиги исботланмаган. Бироқ суд бу кўрсатмани назарга олмаган. Шунинг учун мазкур ҳукм юзасидан аппеляция тартибида қайта судга мурожаат қилинади.
XS
SM
MD
LG