Линклар

Қотиллик университетдаги қинғирликлар натижасими?


Фирдавс Ўтган ҳақтада Қашқадарёда ўқотар қуролдан фойдаланиб қотиллик содир этиш билан боғлиқ жиноятлар юзасидан бир неча суд жараёнлари бўлиб ўтди. Айрим ишлар юзасидан ҳукм ўқилган бўлса, бошқалари бўйича суд мажлислари давом этмоқда.

Бу турдаги жиноятлар содир этилиши жиҳатдан Қашқадарёда 2003 йилда Ўзбекистон бўйича ўзига хос рекорд ўрнатилди, дейиш мумкин. Ўтган йилнинг 9 апрелида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдукарим Йўлбарисов, 14 августда бешкентлик она-бола Саломат Муқимова ва Саъдулла Ҳасанов, 25 сентябрда Яккабоғ тумани ҳокими Панжи Чориев отиб ўлдирилди. 12 декабрда эса Қарши давлат университети кадрлар бўлими бошлиғи Зулфия Ражабова ўз уйида отиб ташланди.

29 апрель куни Қашқадарё вилояти жиноят ишлари судида З.Ражабова иши юзасидан суд жараёни бошланди. Дастлабки тергов натижаларига кўра айбдор деб топилган Камол Очилов, Отабек Ҳалимов, Шерзод Ҳалимов, Ўткир Қўзиев, Санжар Қўлдошев, Асқар Ҳакимов ва Раҳматулла Қурбонов суд “қора курси”сида ўтирибди. Суриштирув жараёнида университет проректори К.Очилов мазкур қотиллик буюртмачиси, О.Ҳалимов бевосита ижрочиси бўлгани, Ў.Қўзиев эса унга қурол топиб бергани аниқланган.

Норасмий манбаларнинг билдиришича, К.Очилов ўзига қўйилган айбларга иқрор бўлмаган. Ҳатто суд залида ҳам у ўзининг ноқонуний суд қилинаётганини таъкидлади.

Айбланувчи С.Қўлдошевнинг онаси Муҳаббат Дилмуродова сўзларига қараганда, унинг ўғли ноҳақлик ва туҳмат асосида ҳибсда ўтирибди. Бундан ташқари, ҳибсдагилардан баъзи кўрсатмалар мажбуран олинган. Тергов давомида жисмоний қийноқлар қўлланилган.

З.Ражабованинг яқинлари, хусусан, Мавжуда Ражабова опаси буюртма қотиллик қурбони бўлгани, К.Очилов асосий буюртмачи эканини даъво қилмоқда. Унинг айтишича, марҳума университетда бўлаётган қинғир ишларга тўсқинлик қилгани сабабли ўлдирилган.

Суд жараёнининг биринчи куни судья Убайдулла Нурматов айланувчиларнинг тўрттасига айблов хулосаси берилмагани сабабли суд мажлисини ярмида тўхтатишга мажбур бўлди.
XS
SM
MD
LG