Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:48

БУШ ФОТОСУРАТЛАРДАН ҚАТТИҚ ҒАЗАБДА


Америка ҳарбийлари ироқлик махбусларга қўпол муносабатда бўлиб, уларни ҳар хил йўллар билан қийноққа солаётгани акс этган фотосуратлар дунё жамоатчилигининг қаттиқ ғазабига учради. Олдинига Американинг "CBS" телеканали, кейин эса Британияда чиқадиган "Daily Mirror" газетаси сахифаларида пайдо бўлган бу фотосуратлардаги холат АҚШ, Британия ва Яқин Шарқ сиёсий доираларида кескин акс садо бера бошлади.

Хусусан, АҚШ Президенти Жорж Буш "CBS" телеканали намойиш этган фотосуратлардан ғазабга тўлганини ва бу юзадан тергов олиб борилиб, уни қилганлар жазоланишини айтди. "Бу ишни қилган бир ховуч одамлар бутун Америка халқи табиати, феъл-атворини акс эттирмайди. Америкада бундай қилинмайди. Бу бизга ёт иллатдир", - деди Оқ Уй раҳбари.

"CBS" канали вакилларига кўра, улар ушбу фотосуратларни намойиш этишни Пентагон илтимосига кўра, икки хафта кечиктирганлар. Телеканалнинг "60 Минут" кўрсатуви продюссери Жефф Фейжернинг айтишича, Пентагон раҳбарияти фотосуратларнинг кенг жамоатчиликка намойиш этилиши Ироқдаги норозиликларни янада алангалатиб юборишидан хавотирланиб, уларни эълон этмай туришликни илтимос қилган. Аммо, фотосуратлар бошқа оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлгач, "CBS"нинг уларни намойиш этишдан бошқа иложи қолмаган.

Бошига қоп кийгизилган ироқлик махбус устига Британ аскари сийиб тургани акс этган фотосурат шанба куни "Daily Mirror" хафтаномасининг уст муқовасида эълон этилди. Бу эса Британияда ҳам коалиция кучларининг фаолиятига нисбатан танқидлар тўлқинини кучайтирди. Аммо, Британия Бош Вазири Тони Блэр тергов жараёни кўп нарсага ойдинлик киритишини айтди. "Агар буларнинг ҳақиқийлиги исботланса, бу қабул қилиб бўлмайдиган холатдир. Чунки, биз у ерга бу каби зўравонликларга чек қўйиш учун борганмиз, уларни қийнаш учун эмас", - деди Блэр.

Британия Қуролли кучлари штаби бошлиғи Генерал Жексон эса агар Британ аскарлари ироқлик махбусларни қийноққа солгани исботланса улар бунга яраша жазоланишларини таъкидлади. "Бу юзадан текширув бошланган. Агар бу исботланса жиноячилар Қироличани тамсил этувчи кийимни кийишдан махрум этиладилар", - деди Британ Генерали.

Шу ўринда мазкур фотосуратларнинг қалбаки экани борасида ҳам шубҳалар йўқ эмас. Улар ҳақиқийлиги ёки қалбакилигини аниқлаш бўйича эса ҳозирда текширув олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG