Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:12

Эркинлик майдонини кенгайтириб бориш керак


Феруза Ўзбекистонда маҳаллий журналистлар 3 май – Жаҳон матбуот эркинлигини илк бор нишонлади. Шу вақтгача улар мазкур санани байрам сифатида эътироф этмас эди.

Одатда Ўзбекисон журналистлари 27 июнни ўзларининг касб байрами сифатида тантана қиларди.

Кўплаб халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўқлигини эътироф этади. Хўш, унда Ўзбекистонда Жаҳон матбуот эркинлиги кунининг маҳаллий журналист амалдорлар томонидан байрам сифатида эътироф этилганида қандай маъно бор?

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Хуршид Дўстмуҳаммаднинг таъкидлашича, ўзбек журналистларининг мазкур санани нишонлашга тўла маънавий ҳаққи бор. Чунки улар ҳам жаҳон журналистларининг бир қисмидир.

Мазкур сана муносабати билан ўтказилган тадбирда маъруза қилган профессор Назира Абдуазимова мустақиллик йилларида ўзбек журналистикаси бир қанча ютуқларга эришганини тўлиб-тошиб гапирди.

“Оммавий ахборот воситаларимиз учун (яратилган ҳуқуқий база) ривожланган демократик мамлакатларда мавжуд бўлган ҳуқуқий меъёрларга мослигини таъкидлаш зарур. Матбуотнинг эркин фаолияти учун кенг шарт-шароитлар яратилганини кўриб турибмиз”, деди у.

Тадбирнинг маърузалар қисми якунлангач, савол-жавоб қисми бошланди ва бу ердаги зерикарли руҳ чекингандай бўлди. Сўз эркинлиги учун қандай аниқ шароит яратилган, деган савол Н.Абдуазимовани бироз ўзидан чиқаргандай бўлди.

“Журналистларнинг мана шундай йиғилиш ўтказишининг ўзи ҳам яратилган шароитлардан бири, дейиш мумкин. Барча журналистларнинг иши умуминсониятга хизмат қилишдир”, деди профессор.

Н.Абдуазимованинг фикрига мустақил журналист Карим Баҳриев муносабат билдирди. Унинг айтишича, журналистлар мана шундай йиғилишнинг ўзи ҳам шароит, дея ўзига таскин бермаслиги керак. Журналистлар эркин сўз майдонини тобора кенгайтириб бориши лозим.

К.Баҳриев яқинда Тошкентда содир этилган портлашлар ҳақида маҳаллий журналистлар қандай мақолалар ёзганига ҳам тўхталди.

“Матбуотда террорчилик ҳаракатидан сўнг журналистларни ёмонловчи 66 та мақола чоп этилди. Террорчилар ёмонланган биттагина мақола эълон қилинди”, деди у.

Расмий тусда бошланиб, савол-жавоб туфайли бир қадар жонланган тадбирни якунлар экан, Хуршид Дўстмуҳаммад мана шундай муҳит борлигидан хурсанд бўлиш зарурлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG