Линклар

logo-print

Ўзбек журналистлари ўз вазифасини бажаришни хоҳламайди


Шайбон 2 май куни Тошкентдаги Мирзо Улуғбек номидаги истироҳат боғида (собиқ Боғи Эрам) 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. “Интерньюс” халқаро ташкилоти томонидан ташкил этилган ушбу тадбирга маҳаллий ва хорижий журналистлардан ташқари АҚШ, Буюк Британия ва Германия элчихоналари вакиллари ҳам таклиф этилганди. Бироқ номаълум сабабларга кўра АҚШ ва Германия дипломатик ваколатхоналари вакиллари тадбирга келмади.

Боққа ташриф буюрган ягона дипломат, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Крейг Мюррей маърузасини қуйидаги сўзлар билан бошлади:

“Мен Ўзбекистонга тахминан бир ярим йил аввал келганман. Мамлакатга келганимга бир ҳафта бўлганида АҚШнинг ўша вақтдаги элчиси жаноб Жон Ҳёрбстнинг маърузасини эшитиб қолдим. Ўз маърузасида Жон Ҳёрбст Ўзбекистон ҳукуматини цензура ман қилингани муносабати билан табриклаган эди. Мен уни тушунмадим ва нима ҳақида гапираётганига ҳайрон бўлдим. Зеро, дунёнинг ҳеч қайси давлатида цензура Ўзбекистондагичалик кенг тарқалмаган эди”.

К.Мюррей ўзбек журналистларини ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашишда айблади.

“Айрим ўзбек журналистлари ҳақиқатни ёзмайди. Улар шунчаки зараркунандалик билан банд ва ўз касбига иснод келтирмоқда. Шу маънода, ўзбек журналистлари мутлақо фойдасиздир, зеро, улар ўз вазифасини бажармаяпти. Гап журналистларнинг ўз вазифасини билмасликларида эмас, гап шундаки, улар ўз вазифасини бажаришни хоҳламайди”, - деди элчи.

Элчининг сўзларига қараганда, ўзбек матбуоти маҳаллий халқнинг ҳақиқий кайфиятини ёритмайди. Энг катта муаммо халқнинг тобора умидсизликка тушиб бораётганидир. Одамлар вазият ёмонлашиб бораётганини англаб етган. Улар эркинликка эга эмаслигини ҳам ҳис қилмоқда. Оддий халқ кун сайин қашшоқлашиб бораётгани ойдинлашяпти. Аммо газеталарда улар ўзлари гўёки жаннатда яшаётгани ҳақидаги мақолаларни учратмоқда.

К.Мюррей халқни бундай алдаш фойдасиз эканини таъкидлади.

“Ўзбекистонликлар бошқа давлатлар фуқароларига нисбатан аҳмоқроқ эмас. Қолаверса, ўзбек халқи ҳам бошқа халқлар сингари эркинликни истайди”, - деди, элчи.

К.Мюррейнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати, ҳеч шубҳасиз, демократия ва эркинликни истамайди. Шундай экан, ўзбек журналистлари демократия ва эркинликлар учун курашиши шарт.

Тадбирда сўзга чиққан ёзувчи Тоҳир Малик ҳам маҳаллий журналистларни журъатсизликда айблади. Унинг айтишича, журналистлар бу нарсани ёзиш мумкин, бунисини эса мумкин эмас, дейишади. Агар ниманидир ёзиш мумкину бошқасини мумкин бўлмаса, энг яхшиси ёзмасликдир.

Т.Малик журналистларни ҳақиқатни очиқ-ойдин ёзишга даъват этди.

“Худо бизга халққа сўз айтишга озгина зеҳн ва иқтидор берган экан, халқ бизнинг қўлимизга қалам тутқазган экан, бу қаламни ҳақиқатдан тойдирмасликка мажбурмиз ва масъулмиз”, - деди ёзувчи.

Тадбирда иштирок этган маҳаллий журналистлар “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Крейг Мюррейнинг фикрларига муносабат билдирди.

Журналист Одил Раҳимовнинг таъкидлашича, ўзбек журналистларни бу каби танқидий фикрларни эшитавериб, териси шунга мос равишда қалинлашиб қолган.

Журналист Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, ўзбек журналистига ҳеч ким четдан келиб шароит яратиб бермайди. Шунинг учун журналистлар ўз ҳуқуқлари учун ўзи курашиши лозим. Бундан ташқари, жамият қанақа бўлса, унинг матбуоти ҳам шунга мос бўлади. Ёпиқ жамиятда эркин матбуот ёки сўз эркинлигини талаб қилиш хомхаёлдир.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев Буюк Британия элчисининг гапларида жон борлигини таъкидлади. Унинг айтишича, Ўзбекистонда бу борадаги мавжуд вазият аслида мамлакатда журналистлар керакми, деган саволни туғдиради.

“Агар ҳақиқатни ёзмайдиган бўлса, Ўзбекистонга журналистика нега керак? Бу ҳақдаги қонунлару халқаро меъёрларнинг нима кераги бор?” - дейди А.Аннаев.
XS
SM
MD
LG