Линклар

logo-print

Қозоғистон газ қувурларини Қирғизистондан айланиб ўтказмоқчи

  • Садриддин Ашур

Қозоғистон жанубий вилоятлари аҳолиси Ўзбекистон газидан фойдаланади. Бу “зангори олов” Қозоғистонга Қирғизистон орқали айланиб боради. Мазкур газ қувурлари собиқ иттифоқ даврида ётқизилган бўлиб, бугун эса икки давлат ўртасида муаммо келтириб чиқармоқда. Қозоғистон ҳукумати энди катта маблағ сарфлаб алоҳида, Қирғизистон ҳудудидан ўтмайдиган газ қувурлари ётқизмоқчи. Нега? Ҳамкасбим Садриддин ана шу мавзуни ўрганишга ҳаракат қилди.

Қозоғистонга Ўзбекистондан борадиган газ йўл-йўлакай йўқолиб қоляпти. Қозоғистон расмийлари фикрича, бу йўқотишлар газ қувурлари ўтган Қирғизистон ҳудудида рўй беряпти. Буюк Британиядаги “Уруш ва тинчлик муаммоларини ёритиш институти” ўзининг интернет саҳифасида э’лон қилган мақоласида ёзишича, Қозоғистон газнинг ўғирланаётганига қарши чора тадбир белгиламоқчи. У газ қувурларини энди тўғридан тўғри, Қирғизистон ҳудудига дахл қилмасдан, ўтказмоқчи. Қозоғистон Бош вазири Даниал Аҳмедов яқинда ўтказилган ҳукумат йиғилишида 142 километрлик янги газ қувурлари ётқизиш лойиҳасини тайёрлаш ҳақида фармойиш берди:


“Бизнинг вазифамиз қозоғистонлик исте’молчига газ етказиб бериш барқарорлигини сақлаб қолишгина эмас, балки мамлакат энергетика хавфсизлигини ҳам та’минлашдан иборат”, - деди Даниал Аҳмедов.


Қирғизистон ҳам Ўзбекистондан алоҳида қувурлар орқали газ олади. “Уруш ва тинчлик муаммоларини ёритиш институти” мухбирининг ёзишича, Қирғизистон ҳукумати Қозоғистонга кетадиган қувурлардан газ олаётганини инкор қилмайди. Лекин имкон қадар олинган газнинг пулини қўшниларга тўлаб боради. Жумладан, Қирғизистон шимолий газ қувурлари магистрали бошлиғи Иван Белошапка шундай дейди:


“ Ҳа, биз ба’зи пайтларда Қозоғистон газини рухсатсиз оламиз. Лекин қарзни узишга доим ҳаракат қиламиз.”


Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Уларбек Матеевнинг Озодлик мухбирига айтишича, Қозоғистон ҳукумати юз миллионлаб долар сарфлаб, янги газ қувурлари ётқизгунча эски қувурларни анча арзон маблағ билан та’мирласа яхши бўларди. Бу ишнинг оқибатлари ҳақида Уларбек Матеев шундай дейди:


“Қозоғистон биз орқали газ олишни тўхтатса, газ нархлари ошиши мумкин. Чунки биз транзит газ учун ҳақ олиб турамиз. Бу биринчидан. Иккинчидан эса, биз неча йиллардан буён бирга ишлаймиз. Уларнинг газ сақловчи омборларидан фойдаланамиз. Қозоғистон эса, тайёр қувурлар турганда яна миллионлаб харажат қилади. Ҳар икки томонга ҳам қийин бўлади.”



“Уруш ва тинчлик муаммоларини ёритиш институти” мухбири билан бўлган суҳбатда, қарзлар ҳар доим ҳам тўланмаётганини Қирғизистон парламентининг ёнилғи-энергетика масалалари бўйича қўмита раиси Тойирбек Сарпашев ҳам тан олган. Унинг айтишича, Қозоғистон лойиҳаси амалга ошса , бу Қирғизистон учун катта йўқотиш бўлади:


“Қирғизистон учун ўз ҳудудида газ қувурларига эга бўлиш анча қулай. Чунки биз ҳам газ имтиёзларидан фойдаланамиз, ҳам транспортировка эвазига газ оламиз”, - дейди Тойирбек Сарпашев.


Қирғизистонда газ конлари йўқ. Шунинг учун ҳам у асосан сув энергоресурсларидан фойдаланишга ҳаракат қилади. Лекин қарс икки қўлдан чиқади. Қирғизистоннинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан энергоресурслар бўйича шартномаси бор. Қирғизистон қишда сувни ўз омборларида йиғиб туради, ёзда эса ундан қўшни мамлакатлар қишлоқ хўжалигида фойдаланади. Бунинг учун қўшни давлатлар Қирғизистонга кўмир, газ етказиб туриши керак. Ҳозир эса расмий Бишкек Қозоғистонни ана шу мажбуриятни тўла бажармаганликда айблаяпти.


Озодлик радиосининг қозоқ хизмати ходими Ержан Қарабек икки қўшни давлатлар ўртасидаги бу воқеага шундай муносабат билдиради:


“Менимча, Қирғизистондан айланиб ўтадиган газ қувурлари ётқизиш -- бу нотўғри тадбир. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳар бир учрашувларда интеграция ҳақида баландпарвоз гапларни айтади. Лекин амалда тескари нарсалар бўлаяпти. Масалан, бу йил эрта баҳорда Чордара сув омборининг тўлиб кетиши натижасида Қозоғистоннинг анча ерларини сув босди. Бундай масалаларни ўзаро келишган ҳолда ҳал қилиш керак. Қизиқ ҳолат: Европа давлатлари бир иттифоқ бўлиб бирлашаётган пайтда, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, Криловнинг машҳур масалидаги қаҳрамонларга ўхшаб, аравани турли томонга қараб тортишади.”
XS
SM
MD
LG