Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:56

Ўзбекчани ўрганиш мажбурий бўлиш керакми ёки ихтиёрий?


Зикрилло Ишонч Ўзбекистонда 1989 йилда қабул қилинган давлат тили тўғрисидаги қонунда мамлакатда ўзбек бўлмаган миллатлар ўзбек тилини ўрганиши мажбурий этиб белгиланган эди. Аммо мазкур қонунга 1996 йилда киритилган ўзгаришлар асосида ўзбек бўлмаганлар ўзбекчани ихтиёрий ўрганиши белгиланди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар салбий оқибатларга олиб келган. Ўзбек тилини ўргатиш курслари ўз-ўзидан барҳам топган. Мазкур тилга қизиқиш йўқолган. Вазият шу даражага бориб етганки, ўзбек амалдорлар ҳам рус тилида гапирадиган, русча иш юритадиган бўлиб қолган.

Тилшунос Алимардон Аннаевнинг сўзларига қараганда, тил тўғрисидаги қонуннинг ўзгартирилиши сиёсий нуқтаи назардан амалга оширилган. Ўзбекистонда лотин алифбосига ўтилаётгани, бу ёзувни кўпчилик ўқий олмаслиги, ёза олмаслиги мумкин, деган баҳонада шундай қилинган. Аслида 1989 йилги қонун мукаммал ва чуқур ўйлаб яратилган ҳужжат бўлган. Бу қонунда Ўзбекистонда яшайдиган бошқа миллатлар ўзбек тилини ўрганиши учун 10 йил муддат берилган. Мазкур қонуннинг ўзгартирилиши сиёсий доирадаги шахсларнинг калтабинлигидир.

Ўзбекистонда мутахассислар бу борада икки хил қарашга эга, дейиш мумкин. Уларнинг бир гуруҳи Ўзбекистонда иш юритиш ва уни ўрганиш мажбурий бўлиши тарафдори. Яна бир қисми эса ихтиёрийликни ёқлайди.

Тилшунос олим Мирсодиқ Исоқовнинг фикрича, Ўзбекистонда яшайдиган халқларни мажбур қилиб ўзбек тилида гапиришга ўргатиш шарт эмас. Бу ихтиёрий бўлиши керак. Чунки ҳар қандай маданиятли шахс ўзи яшаб турган мамлакат халқи тили ва маданиятига қизиқади.

Тилшунос олим Алибек Рустамов мажбурийлик тарафдори эканини билдириб, ўзбекларнинг ўзлари ўз она тилидан бегоналашиб бораётганини таъкидлади. Унинг фикрича, тилни ўргатишни давлат арбобларидан бошлаш лозим.

А.Аннаевнинг сўзларига қараганда, мамлакатда тил бўйича юзага келган вазиятни ўнглаш учун 1996 йилги қонун доирасида бирор иш қилиш имконсиздир. 1989 йилги қонунни қайта амалга киритиш орқали эса бирор ўзгариш ясаш мумкин.
XS
SM
MD
LG